“Куч бирликда” хайрия акцияси доирасида эҳтиёжманд оилаларга кўмак берилди
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакиллиги томонидан ушбу мамлакатдаги элчихонамиз кўмагида “Куч бирликда” хайрия акцияси ташкил этилди. Акцияда нафақат Германия, балки бошқа хориж давлатларида истиқомат қилувчи ватандошлар ҳам қатнашди.
Рамазон ойи муносабати билан уюштирилган акция доирасида маълум миқдорда пул маблағи ҳам тўпланди. Бу пуллар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кесимида ёрдамга муҳтож оилаларга етказиб берилди.
Шунингдек, акция доирасида тўпланган маблағлардан Сардоба сув омборидаги талафот сабаб Гулистон шаҳридаги болалар мусиқа ва санъат мактабига жойлаштирилган 170 оилага ёрдам кўрсатилди. Гулистон шаҳридаги қурилиш касб-ҳунар коллежига жойлаштирилган 120 нафар, Гулистон олимпия захиралари коллежига жойлаштирилган 130 нафар оилага хайрия қутилари тарқатилди.
Шу билан бирга, Бухоро вилоятининг Олот, Пешку ва Қоракўл туманида табиий офат оқибатида жабр кўрган 75 хонадонга ҳам ёрдам қўли чўзилди.
Акция доирасида жамланган маблағлар ҳисобидан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида яшаётган, 400 дан ортиқ муҳтож оилаларга энг зарур саналган гигиена буюмлари ва антисептик воситалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Камолиддин Бедиев, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили