Мутолаа завқи: “Ўзингиз билан учрашувга чиққанмисиз?”
Тождор вирус дегани на ирқ, на дин танламас офат экан. Қаранг, миттигина зарра энг қудратли давлатларни ҳам таҳликага солиб қўйди. Мана, бир неча ойдирки, инсоният бу ўлатнинг давосини топишга ожиз. Ана шундай шароитда оқилона чора — карантин қоидаларига қатьий риоя қилиш.
Тўғри, фаол ҳаёт тарзига ўрганган кишилар учун уйда ўтириш ўзини ўзи тутқунликка маҳкум қилишдек гап. Аммо ақлли инсонлар бундай вазиятда тушкунликка тушиб қолаётгани йўқ. Аксинча, фойдали ва мазмунли юмушлар билан машғул. Шулардан бири – мутолаа.
“Гулистон” журналининг янги сони — ана шундай мутолаа шайдолари учун муносиб туҳфа. Ундан ўрин олган ижод намуналари мазмун-мундарижаси ниҳоятда бой. Жумладан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан уюштирилган қизиқарли суҳбатлар орқали пандемия шароитидаги энг долзарб масалалар ва уларнинг ечимига доир мушоҳадалар билан танишасиз. Озарбайжон халқ ёзувчиси Анорнинг “Оқ қўчқор, қора қўчқор” номли қиссасидан берилган парча ҳам сизни бефарқ қолдирмаса керак.
Ўзингиз билан учрашувга чиққанмисиз? Антиқа савол, тўғрими?... Журналда ана шу сарлавҳа остида берилган материалдан бунга жавоб топасиз: “...Ўзингизни кўрмоқчи, танимоқчи, ўзингиз билан биринчи бор учрашувга чиқмоқчи, дил изҳорлари, гиналарингизни айтмоқчи бўлсангиз, марҳамат. Румийни ўқинг! Ўзингиздан айрилгингиз келмай қолади!”
Бундан ташқари, “Афғонистонда болалар кўп, болалик йўқ!” сарлавҳали материалда жафокаш афғон халқининг оғир қисмати таъсирчан воқеалар орқали очиб берилган.
“Гулистон”да бу каби ўқишли материаллар кўп. Журналнинг янги сонини ўқиб, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз...
Ш.Ботиров