Депутат 50 кишини иш билан таъминлади
Халқ депутатлари Элликқалъа туман Кенгашидаги OʻzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси ЖумабайЖаббаров ўзи раҳбарлик қиладиган “Мега текстиль“ масъулияти чекланган жамиятида карантин пайтида ишсиз қолган 50 га яқин фуқарони иш билан таъминлади.
Бугунги кунда коронавирус пандемияси туфайли карантин шароитида даромад манбаидан узилиб, вақтинча ишсиз қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни бартараф этиш, аҳолини қийнаётган энг асосий муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борадаги ишларни амалга оширишда OʻzLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, маҳаллий ва туман шаҳар Кенгашлари, партиядан сайланган депутатлар ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Халқ депутатлари Элликқалъа туман Кенгашидаги OʻzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси ЖумабайЖаббаров ўзи сайланган ҳудуддан 50 нафар фуқарони иш билан таъминлади.
– 2018 йилнинг май ойидан фаолиятини бошлаган корхонада асосан ип-калава ва жинси материаллар ишлаб чиқарилади, – дейди масъулияти чекланган жамияти раҳбари, депутат Ж.Жаббаров. – Ишчи ходимларнинг аксарияти аёллардан иборат. Карантин туфайли ишсиз уйда ўтириб қолган хотин-қизларимизни иш билан таъминлашни мақсад қилдик.
–Уйда беш нафар фарзандим тарбияси билан овора бўлиб ишсиз қолиб кетган эдим, – дейди Элликқалъа овул фуқаролар йиғинида яшовчи Нодира Сапаева. – Турмуш ўртоғим ишлаб турган пайтда билинмаган эди, у ҳам ишсиз қолгани учун анча қийналдик. Шундай бир пайтда “Мега текстиль“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари кўмагида ишга жойлашдим. Бундан хурсандман.
Изланган имкон топади, дейди доно халқимиз. Бугунги синовли кунларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаётган депутатлар ҳамда тадбиркорларнинг хайрли ташаббуслари таҳсинга лойиқ.