Ердан самарали фойдаланиш бўйича Андижон тажрибаси
Андижонда илғор тажриба ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ва ҳосилдорликни ошириш масалаларига бағишланган Республика кўргазмали семинари бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалигида бўлиб: “Иқлим шароити юртимизга ўхшаш хорижий давлатларда пахтадан 70 центнергача ҳосил олинади. Қандай қилиб? Илм билан, ақл билан. Андижонда ер камлигини ҳисобга олиб, ундан икки карра самарали фойдаланиш зарур”, деган фикрларни айтиб, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Мамлакат тараққиётида қишлоқ хўжалиги ривожи, ердан унумли фойдаланиш орқали юқори ҳосил олиш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу йўналиш аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, саноатнинг кўп соҳаларини эса хомашё билан таъминловчи муҳим тармоқ ҳисобланади. Ана шу жиҳат инобатга олиниб, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мазкур йўналишда Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган республика кўргазмали семинарида Андижоннинг деҳқончилик борасидаги бой тажрибаси асосида илғор тажриба ва инновацион технологияларни қўллаш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш ва ҳосилдорликни ошириш борасидаги ишлар хусусида сўз юритилди.
Семинар иштирокчилари дастлаб, Андижон тумани Ойжамол массивида жойлашган Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти тажриба далаларида янги инновацион технологиялар асосида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
– Буғдой ва бошқа бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олиш соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этишга кўп жиҳатдан боғлиқ, – дейди Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти директори Равшанбек Сиддиқов. – Ана шундан келиб чиқиб, бугунги кунда институтимиз мутахассислари 35 гектар майдонда буғдой селекцияси бўйича 20 мингдан ортиқ бошоқли дон навлари намуналари ҳамда дурагайлари устида иш олиб бормоқда. Бу маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитга мос, серҳосил янги навларни яратиш имконини кенгайтиради.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ўктам Барноев раислигида институтда ўтказилган мулоқотда бошоқли дон, мойли, озуқа ва ноанъанавий экинлар экиш ҳажмини ва ҳосилдорликни ошириш, ҳудудларда юқори репродукцияли ва сифатли уруғлар етиштириш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган ютуқ ва мавжуд камчиликлар муҳокама қилинди. Бу борадаги ишларни янада юқори даражага кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари Асака туманидаги “Обод турмуш” фермер хўжалиги, Марҳамат туманидаги “Водий ҳамкор агрофирмаси” қуёнчилик кластери, “Afghan Bazar Carpets Andijon” қўшма корхонасининг гилам тўқиш цехи, Қўрғонтепа туманидаги “Хантекс” пахтачилик тўқимачилик кластери қошидаги илмий ишлаб чиқариш маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Семинар қатнашчилари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш борасидаги илғор тажриба ва иш услублари ҳақида кенг маълумотлар олди, ўзаро тажриба алмашди.