13 ёшли фарзандини 15 минг АҚШ долларига сотаётган аёл ушланди
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги намунали уйда ижарада яшаб келаётган 38 ёшли Қ.К. ўзининг вояга етмаган 13 ёшли иккинчи фарзандини фуқаро С.Э. га 15 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида Беруний тумани ИИБ ходимлари томонидан ушланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълумотига кўра, жорий йил 19 май куни 43 ёшли М.П. исмли фуқаро Беруний тумани ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, унда Тўрткўл туманида яшовчи Қ.К. исмли аёл ноқонуний равишда ўз фарзандини сотмоқчи бўлиб юрганлигини баён қилган. Тезкор тадбир давомида воқеа содир бўлган жойдан кимёвий ишлов берилган 400 АҚШ доллари ҳамда қолган 14 минг 600 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида ўрнатилган тартибда олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан Тўрткўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Қ.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.