http://uza.uz/upload/iblock/d05/khal_imiz_balo_azodan_omon_b_lsin.jpg

Халқимиз бало-қазодан омон бўлсин

Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси ҳам эзгулик, саховат ва мурувват ойи бўлган муборак Рамазон ойини синовли кунларга қарамасдан ҳамжиҳатлик билан ўтказди.

Улар Рамазон ҳайити байрамини мамлакатимизда жорий этилган карантин тадбирлари муносабати билан оила даврасида ўтказиб, мана шу тинч, фаровон, обод турмушга шукроналик қилмоқда. Юртбошимизнинг жорий йил 21 майдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида жойларда карантин талабларига риоя қилган ҳолда хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.

– Президентимизнинг Рамазон ҳайити муносабати билан йўллаган табригини халқимиз катта хурсандчилик билан кутиб олди, – дейди Нукус тумани Имаматдин эшон жомеъ масжиди имом-хатиби Даўлетбой Алимбетов. – Табрикда таъкидланганидек, асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда табаррук Рамазон ойига хос қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёс.

Байрам муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси томонидан муборак Рамазон ҳайити табриги ўқилиб, уни барчамиз ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри тингладик. Юртимизда ойларнинг энг улуғи, ойларнинг султони, Оллоҳнинг муборак китоби нозил бўлган ой, фазилати томонидан бошқа ойлардан афзал Рамазон ойи якунланди. 
Ушбу муборак ойни халқимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан берилган кўрсатмаларга қатъий амал қилган ҳолда ўтказди. Оллоҳ насиб қилиб, Рамазон ҳайити муборак кунига омонликда етдик. Мазкур ойда қилган яхшиликларимиз, ибодатларимиз, қилган хатми қуръонларимиз, савобли ишларимиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам суннатига мос ҳолда қилинганини Аллоҳдан ўтиниб сўраймиз.

Рамазон ойи раҳмат, меҳр-мурувват ойи ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон хутбаларидан бирида: “...бу сабр ойи, Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойи. Бу ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади”, деб марҳамат қилган.

Нукус тумани ҳокимлиги, тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар, ёшларимиз томонидан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати қўллаб-қувватланиб, хайрия тадбирлари амалга оширилди. Муборак Рамазон ойи кунларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали томонидан эҳтиёжманд 170 та оилага, муборак Рамазон ойи муносабати билан 55 та оилага озиқ-овқат маҳсулотларидан моддий ёрдам берилди.

Юртимиз тинчлик, халқимизни ҳар қандай бало-қазолардан Аллоҳ таолонинг ўзи асрасин!

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png