Марказий Осиёда ягона корхона
Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани С.Раҳимов сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудида Марказий Осиёда ягона бўлган – газоблок қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “EURASIA GAZ BETON” масъулияти чекланган жамияти барпо этилаётир.
Ушбу янги лойиҳа – Нидерландия давлатидаги “AIRCRETE” компаниясининг газаблок комплексини вилоятда ташкил этиш мақсадида “Микрокредит” акциядорлик тижорат банки Сирдарё филиали билан ҳамкорликда 15 миллион 400 минг Евро ҳамда 928 минг АҚШ доллари қийматида газаблок маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун Хитой Халқ Республикаси билан шартнома имзоланган эди. Коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин туфайли иш бироз сустлашгандек бўлди. Аммо Президентимиз раҳбарлигида ўтган видеоселектор йиғилишида ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалигидаги – “вақт кутиб турмайдиган юмушлар”ни жонлантириш лозимлиги тўғрисида аниқ топшириқ ва вазифалар мутасаддилар зиммасига юклатилгач, ушбу корхона қурилишида ишлар янада жонланди.
Айни пайтда 8 турда газоблок қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу заводда қурилиш ишлари авжида. 3 гектарлик умумий майдонни эгаллаган завод фаолиятини бошлагач, бу ерда йилига 450 минг метр куб экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Нидерландиянинг“AIRCRETE” компаниясидан ташриф буюрган 4 нафар малакали мутахассис жиҳозларни ўрнатиш, лойиҳа бўйича ишни назорат қилиш билан бирга корхона фаолиятини бошлагач, унда меҳнат қиладиган ишчи-хизматчиларни тайёрлаш билан ҳам шуғулланади.
Туркиялик технолог-муҳандис Сидат Имеркар ҳамда етакчи мутахассис Орхан Эркан “Gracia art stroy” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан заводда олиб борилаётган қурилиш ишларида бош-қош бўлиб, қурувчилар билан елкама-елка меҳнат қилмоқда.
– Газоблок – бу цимент, қум, оҳак, гипс қоришмасига алюмин кукуни элементи қўшилиб, энг сўнги инновацион технологиялар асосида тайёрланган замонавий газ печларида пишириладиган қурилиш маҳсулотидир, – дейди “EURASIA GAZ BETON” масъулияти чекланган жамияти директори Жасур Тилаков. – 1 дона газоблок маҳсулотининг оғирлиги 18 килони ташкил этиб, 1 дона маҳсулотнинг эни 20, узунлиги 60 ва баландлиги 30 сантиметрни ташкил этади. Бу одатдаги 20-22 дона пишиқ ғиштнинг ҳажмига тўғри келади. Ана энди 20 дона пишиқ ғиштнинг оғирлигинию, 1 дона газоблокнинг оғирлигини ўзингиз чамалаб кўринг. Бу ҳам ҳаммаси эмас, бизда маҳсулотни буюртмачининг талабига кўра 8 хил ўлчамда тайёрлаб бериш имконияти ҳам бўлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ривожланган давлатларнинг аксарият қурилишларида фақат газоблок маҳсулотидан фойдаланилмоқда. Чунки, газоблок енгиллиги, пишириш чоғида табиий газни пишиқ ғиштга нисбатан 8 марта кам сарфланиши, энергия тежамкорлиги ва маҳсулотга унумдор тупроқнинг ишлатилмаслиги, қолаверса, жипслик даражаси, нурланиш, иссиқ, совуқ ўтказмаслиги билан ҳам афзалроқ эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
– Маҳсулотнинг сифати, мустаҳкамлиги, жипслиги, оғирлик меъёри, хуллас барча кўрсатгичлари жаҳон стандартлари талабига тўла жавоб берадиган замонавий лаборатория текширувидан ўтказилади, – дейди лаборатория мудири Ҳусниддин Ҳайдаров. – Барча меъёр кўрсатгичлари талабларига тўла жавоб бергач, маҳсулотни ишлаб чиқаришига рухсат берилади.
Ушбу маҳсулотнинг яна бир ўзига хос жиҳати – кўп қаватли уй барпо этишда, бошқа қурилиш материалларига қараганда иншоот мустаҳкам ва вазни нисбатан енгил бўлиб, ортиқча оғирликнинг олди олинади. Девор тиклаш, пардозлаш ишларига талаб қилинадиган қум, цемент ва бошқа пардозлаш ишларига эҳтиёж қолмайди.
Газоблокда қурилиш ишларини олиб бориш ҳам оддий, сифатли, мустаҳкам, зилзила ва турли табиий офатларга чидамли бўлиб, иншоотнинг қисқа фурсатларда амалга оширилиши таҳсинга лойиқ. Маҳсулотни териш чоғида, тонналаб қоришма маҳсулотларини кранлар ёрдамида тепага кўтариб ўтирмай, уларни бир-бирига ёпиштириш учун елим суркашнинг ўзи кифоя бўлади.
Газоблоклар ишлаб чиқаришдаги ишлатиладиган зарур хомашё асосан маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига амалга оширилади. Ушбу маҳсулотдан барпо этилган иншоотнинг деворида ҳеч қандай сувоқ ишлари бажарилмай, енгилгина пардозлаш ишлари амалга оширилади, холос. Буларнинг барчаси газоблокдан қуриладиган объектлар тез, мустаҳкам, қулай ва энг муҳими, сифатли ҳолда қисқа вақтда қад ростлайди.
– Биз ҳам Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги тошқиндан жиддий зарар кўрган 4 та аҳоли турар-жойларида тиклаш, таъмирлаш ва қайта қуриш ишларини амалга ошираяпмиз, – дейди “EURASIA GAZ BETON” МЧЖнинг асосий таъсисчиси, “Бекзодшер қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бош директори, вилоят Кенгаши депутати Шерзод Вафоев. – Худо хоҳласа, ҳозирда эвакуацияда бўлган мирзаободлик ватандошларимиз жорий йил август ойининг учинчи декадасида ўз уйларига кўчиб киради ва Мустақиллик байрамининг 29 йиллигини ўз оилалари даврасида, ўз гўшасида нишонлайди. “EURASIA GAZ BETON” МЧЖ қурилишида ҳам айни пайтда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаяпти. Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу корхонанинг ишга туширилиши нафақат вилоятда, балки, Республикамизда олиб борилаётган улкан қурилиш ишларида муҳим аҳамият касб этади.
Дарвоқе, қурилиш ишларида газоблокнинг имконият ва афзалликларини ҳали кўпчилик тўлиқ тушуниб етгани йўқ. Ваҳолангки, ушбу маҳсулотга Россия, Украина, Қозоғистон, Туркманистон каби бир қатор давлатларда талаб ниҳоятда юқори.
Газоблок маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхона жорий йил сўнгида фаолиятини бошлайди. Ана ўшанда 100 нафар сирдарёлик ёшлар янги иш ўринлари билан таъминланади. Энг муҳими эса мамлакатимиз қурилишларида улкан ўзгариш, янгиланиш ва сифат юксалишига эришилади.