Аёлини ҳимоя қила олмаганларни ким деб аташ керак?
Ёки аёл эридан ҳимояланиш учун ҳимоя ордери олди...
Йигитлар ҳақида сўз кетса, албатта, уларни ҳимоячилар, деб атаймиз. Улар Ватан тинчлиги, оиласининг хотиржамлиги учун кўксини қалқон қила олади.
Бироқ, афсуски, бу юксак шарафга ҳамма йигитлар ҳам муносиб, деб бўлмайди. Чунки оиласини, болаларини тарк этиб, ўз ҳузур-ҳаловати учун яшайдиган эркаклар ҳам йўқ эмас.
Наманганлик бир эркак турмуш ўртоғини тўрт фарзанди билан ташлаб кетган. Бошқа аёлга уйлангач, болаларидан хабар ҳам олмай қўйган.
Фарзандларидан бири ногирон бўлган 32 ёшли аёл эса болаларини боқишга қийналиб қолган. Ночорликдан отадан алимент ундиришга ҳаракат қилган. Бундан ғазабланган эркак эса келиб аёлни уриб, таҳқирлаш билан жавоб қайтарган.
2019 йилда зўравон эркак аёлни мажбурлаб “алимент учун 16 миллион сўм олдим”, деб тилхат ҳам ёздирган. Бу йил ҳам у шу “сценарий”ни такрорламоқчи бўлган. Аммо аёл бунга рози бўлмади.
Эр эса бир ҳафта давомида ҳар куни келиб аёлни уриб-сўкишни канда қилмайди. Аёл эса ноиложликдан профилактика инспекторига мурожаат қилган.
Шундай пайтларда ёши улуғлар ўртага тушса, панд-насиҳат қилса вазият сал ўнгланармиди? Афсуски, эркакнинг отаси ҳам ўғлига қўшилиб, келини ва набираларини уйдан ҳайдашга уринган. Таассуф... Наҳотки, келин бегона бўлса ҳам тўрт жуфт қора кўз жигарингиз, ҳаётингиз давомчилари эканини унутган бўлсангиз? Қондош одамларни бир-бирига тортиб турадиган ришта қаерда қолди? Ахир бу ришта ҳатто ҳайвонларда ҳам бор-ку?!..
Аёлнинг мурожаатидан сўнг зўравон эркакка нисбатан маъмурий иш очилди. Аёлга 30 кун муддатга ҳимоя ордери берилиб, оилага маҳалла отинойиси мураббий этиб бириктирилди.
Бу чоралар, албатта, ўз ижобий таъсирини кўрсатди. Эркакнинг кўзи очилгандай бўлди. У оиласини қаровсиз қолдирмаслик ҳақида сўз берди.
Афсуски, бундай вазиятга тушаётган аёллар кам эмас. Шунинг учун ҳам Хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда жорий йилнинг 10 апрелидан “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилди.
Мазкур тармоққа мурожаат қилаётган ҳақиқатан мушкул аҳволдаги, тазйиқ ва зўравонликка учраган шахслар эса Республика реабилитация мослашув марказига қарашли бевосита ёрдам кўрсатувчи марказлар, шелтерларга жойлаштирилмоқда.
Мазкур тизимда эса шу шахсларга ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу жараёнда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган.
- “Ишонч телефони”дан ташқари марказимизнинг ҳудудий бўлимларига ҳам турли масалаларда мурожаатлар тушиб турибди, — дейди Республика реабилитация мослашув маркази раҳбари Насиба Миродилова. — Жорий йилнинг январь ойидан бери 5 мингдан ортиқ қўнғироқлар қабул қилинди. Мурожаат қилувчиларга шу заҳоти психологик, ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. Амалий ёрдам бериш зарур бўлган ҳолатларда эса реаблитация марказларига жойлаштирилмоқда.
Айни пайтда Реабилитация марказларида оилавий зўравонликдан жабр кўрган 50 нафарга яқин киши жойлаштирилган бўлиб, асосий қисми аёллар ва болалардир. Уларга ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Азалдан бағрикенглик билан ном чиқарган, болажонлиги тиллардан достон бўлган халқимиз учун юқоридаги каби ҳолатлар рўй бераётгани аслида муносиб иш эмас. Нохуш ҳолатлар гарчи саноқли бўлса ҳам ён-атрофимизда содир бўлмоқда, демакки, бунда сизу бизнинг ҳам айбимиз бор. Ахир тўрт боласини ташлаб кетган эркакка биздан эмаслигини юзига айта олганимизда, у билганини қилиб юрмасди. Зеро, азалдан аждодларимиз элга муносиб иш қилмаган одамларни элга қўшмай, қаттиқ маънавий таъсир кўрсатиш амалиётини қўллаб келгани сир эмас. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз учун “элда бош кўтариш юриш” ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган.
Бефарқ бўлмайлик, эл бўлайлик, элдан чиқмайлик!