Хонобод Фарғона водийсининг туризм марказига айланади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ички туризмни ривожлантириш, хусусан, Хонобод шаҳрини Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш таклифини илгари суриб, бу борада қилиниши зарур бўлган ишларни белгилаб берди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси Матбуот хизматининг хабар беришича, Президент топшириғидан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Хонобод шаҳрини Фарғона водийсининг туризм марказига айлантиришга қаратилган ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, А. Абдуҳакимов Хонобод шаҳардаги туризм объектларининг ҳолати билан танишди, Хонобод шаҳар ҳокимлиги, туризм йўналишида фаолият олиб бораётган ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар билан Хонободни туризм марказига айлантириш, ички туризмни ривожлантириш бўйича учрашув ўтказди.
Учрашувда ҳокимлик ва тегишли идоралар масъуллари, туристик хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар, туристик объектлар раҳбарлари ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Учрашув иштирокчиларига ички туризмни ривожлантириш, туристларни жалб этиш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш савиясини юксалтириш бўйича жаҳон тажрибаси, бу борадаги илғор иш услублари ҳақида кенг маълумотлар, шунингдек, масъулларга Президент топшириқлари ижросини таъминлаш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Хонобод шаҳрида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси, ҳокимлик, мутасадди ташкилот ва идоралар вакилларининг доимий фаолият юритиши йўлга қўйилди.
Хонободни туризм марказига айлантириш бўйича Президентимиз топшириғи ижросини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва доимий назорат қилиб бориш учун ҳокимлик ҳамда масъул идоралар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Хонободдаги туристик объектлар ҳолатини ўрганиб чиқиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, туризм йўналишига инвестиция жалб этиш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан Хўжаобод туманидаги Имомота қишлоғини туризм қишлоғига айлантириш, мазкур қишлоқда туристик хизматларни ташкил этиш, инфратузилмани яхшилаш масалалари ўрганилмоқда.