Мурожаатлар бир неча дақиқада ҳал этилмоқда
Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорларга сифатли, тезкор, қулай ва ишончли хизмат кўрсатаётган давлат хизматлари марказлари халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда.
Буни жорий йилнинг дастлабки чорагида Бухоро вилояти давлат хизматлари марказларига келиб тушган мурожаатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Вилоятнинг шаҳар ва туманлардаги давлат хизматлари марказларига дастлабки 3 ойда 131 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Шундан қурилиши тугалланган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилиш 1 минг 843 та, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш 15 минг 221 та, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш 3 минг 704 тани ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо сертификатини бериш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш, табиий газни ҳисобга олиш приборини пломбалаш ва газ таъминоти шартномасини тузиш, сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсат бериш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларнинг янги намуналарини бериш бўйича ҳам мурожаатлар бўлган.
Ҳозирги синовли кунларда ҳам Давлат хизматлари марказлари фаолият олиб бормоқда. Марказнинг ҳудудий бўлимлари томонидан санитария гигиена қоидаларига риоя қилинган ҳолда, аҳоли хавфсизлигини таъминлаб, хизмат кўрсатилмоқда. Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча хизматлар электрон шаклда my.gov.uz портали орқали онлайн тарзда ва фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина идораларда амалга оширилади. Шунингдек, ФҲДЁ бўлимларида фуқаролар ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш) ташкил қилинган дарча орқали қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Марказларда электрон рақамли имзо бериш хизмати ҳам кўрсатилмоқда.
– Бир неча йилдан буён оилавий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келамиз, – дейди тадбиркор Сирож Саидов. – Фаолиятимиз нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан иборат. Баъзи хизматлардан фойдаланиш учун Электрон рақамли имзо талаб қилинганлиги сабабли марказга мурожаат қилгандим. Марказ ходимлари бир неча дақиқада ишимни ҳал қилиб берди.
Марказдаги яна бир қулайлик агарда электрон рақамли имзонинг муддати тугаган бўлса, уни энди онлайн равишда янгилаш ҳам мумкин. Бунинг учун, ЭРИ калитлари эгалари e-imzo.uz веб-сайтидаги шахсий кабинетга кириш ва менюдан “ЭРИ калитини яратиш”ни танлашлари керак бўлади. Операцияни тасдиқлаш учун телефон рақамини киритиш лозим. Анкета маълумотлари текширилганидан сўнг фуқаронинг мобиль телефонига СМС орқали юборилган тасдиқлаш кодини киритиш шарт. Бу билан фойдаланувчи хизматларни тақдим этиш, ЭРИ калитларини яратиш ва бериш бўйича оммавий оферта шартларига рози бўлади. Шундан сўнг, янги ЭРИ калити учун пароль киритилади. Паролни эслаб қолиш ёки сақлаш керак, чунки у йўқолганда пароль ва рақамли имзо калитини қайта тиклашнинг имкони бўлмайди. Эндиликда электрон рақамли имзо калитини онлайн шаклда олиш имкониятини яратиш устида ҳам иш олиб борилмоқда.
Аҳоли ҳамда юридик шахсларга сифатли давлат хизматларини кўрсатиш имконини берувчи бундай шароитлар “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади“ тамойилининг амалда бажарилишига мустаҳкам замин яратмоқда.