“Ипотека-банк”и ходимларидан олинган COVID – 19 тест таҳлили натижаларига кўра касаллик аниқланмади
Куни кеча хабар берганимиздек, 2020 йил 24 май куни банкнинг Бош офисида ишловчи ходим COVID – 19 инфекциясини юқтириб олгани маълум бўлган. Шу боис молия муассасасида карантин қоидаларидан келиб чиқиб, зарурий эҳтиёт чоралари кўрилди.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан 25 май куни банкда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Бош офиснинг барча ходимлари ва карантинга жойлаштирилган ходимлардан COVID-19 га тест таҳлиллари олинган.
Барча ходимлардан олинган тест таҳлиллари натижалари манфий бўлиб чиққан.
Банкда санитария гигиена қоидаларига амал қилиш тартиблари янада кучайтирилди. Айни вақтда банк Бош офисида иш жараёнлари карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда доимгидек давом этмоқда. Энг асосийси ходимларнинг бир қисми иш жойида, қолган ходимлар масофадан туриб ишлаши йўлга қўйилган.
Муҳими аҳоли ва мижозларга ўз вақтида ҳамда сифатли банк хизматлари кўрсатилмоқда. Шунингдек, банкнинг вилоят ва ҳудудлардаги барча филиаллари, мини-банк ва банк хизматлари марказлари, шунингдек банкдан ташқарида жойлашган кассалар меҳнат қонунчилигига ҳамда карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз фаолиятини барқарор давом эттирмоқда.
Банкнинг республикамиздаги барча филиаллари томонидан бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларга кредит ажратиш ҳамда бошқа барча турдаги банк хизматларини кўрсатиш давом этмоқда.
Банк жамоаси шифохоналарда даволанаётган барча юртдошларимизни тез фурсатларда ушбу дарддан фориғ бўлиб соғлом ҳаётга қайтишларини тилаб қолади.