Халқ қабулхонаси ходимлари эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхоналари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари томонидан Рамазон ойида закот ва фитр садақаси ҳисобидан кам таъминланган, эҳтиёжманд фуқароларга 71 миллион 600 минг сўмлик моддий кўмак берилди.
Халқ қабулхоналарида ишловчи ходимлар ўз хизмат вазифаларига кўра кам таъминланган, ночор кишиларнинг эҳтиёжларини бошқаларга қараганда ҳам чуқурроқ ҳис этади. Шу боис вилоят, шаҳар ва туман халқ қабулхоналари ходимлари муқаддас Рамазон ойи амалларига мувофиқ оила даромадидан ажратилган закот ва фитр садақаларини эҳтиёжманд оилаларга тақдим этди.
Жумладан, ушбу хайрия маблағлари ҳисобидан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 42 нафар фуқаронинг 27 миллион 88 минг 905 сўмлик коммунал тўловлардан қарздорлиги тўланди. 17 нафар беморга 12 миллион 445 минг 295 cўмлик дори-дармони олиб берилди.
Жамғарилган маблағ ҳисобидан карантин даврида вақтинча иш жойини йўқотган, кам таъминланган 100 нафар фуқаронинг оиласига 15 миллион 700 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари олиб берилди. Ногиронлиги бўлган, кам таъминланган 13 та оилага имтиёзли кредитлар асосида берилган уй-жойлар учун 5 миллион 365 минг 800 сўм кредити тўланди.
Шунингдек, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 9 та оиланинг уй-жойини таъмирлаш учун 11 миллион сўм маблағ сарфланди.