https://storage.kun.uz/source/6/ErCpRCBoaiLKvdaPPKcd3aatAJTL_V9x.jpg
Фото: fb.com/ORIATDono

Kun.uz | Расмий канал

Радиоэфирда «Ўзбекистон 24»ни танқид қилган икки ходим МТРКдан кетди. Радиода «Футбол+» лойиҳаси давом этади

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Спорт» телеканали ходимлари - бош режиссёр Жамолиддин Бобожонов ва 1-тоифали муҳаррир, шарҳловчи Бобур Акмалов 22 май куни ўз аризасига кўра ишдан кетган. Уларнинг иккиси ҳам бу маълумотни Tribuna.uz’га тасдиқлади.

Эндиликда Бобур Акмалов «Ориат Доно» радиосида ишлашда давом этади. Бугун, 25 май куни Бобур Акмалов, Жамолиддин Бобожонов ва Хайрулла Ҳамидов иштирокидаги «Футбол плюс» ток-шоуси  эфирга узатилди.

Шу тариқа, ушбу ходимлар «Спорт» телеканалидан шов-шувли тарзда кетиши ортидан радиодаги ушбу эшиттириш ҳам тўхтатилиши ҳақида тарқалган хабарлар исботини топмади.

Эслатиб ўтамиз, «Футбол плюс»нинг 18 май кунги сонида иштирокчилар «Ўзбекистон 24» телеканалида Сардобадаги фожиа оқибатлари ёритилиши танқид остига олинган, эфир давомида «Ўзбекистон 24» телеканалида кўрсатилаётган ҳаёт билан реал ҳаётдаги фарқ ҳақида гапирилган.

«Бизда қоғозда ва «Ўзбекистон 24» каналида ҳамма нарса зўр, лекин ҳаёт бутунлай бошқа нарсани кўрсатяпти... «Ўзбекистон 24» каналини кўриб, сардобаликлар шу сув тошганидан ҳам хурсанд экан, деб ўйлаб қолдим», деган Жамолиддин Бобожонов. Бобур Акмалов ҳам унинг фикрини маъқуллаб, уйини сув босган одамларнинг бундай хушкайфиятда кўриниши ғайритабиий эканини таъкидлаганди.

Бу ҳолат видеоси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. 

Кўп ўтмай Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбари Алишер Хаджаев бунга муносабат билдириб, Жамолиддин Бобожонов ва Бобур Акмаловнинг таъкидларини «мутлақо асоссиз ва ноўрин танқидий фикрлар» деб атаган, уларнинг «Спорт» телеканалида эгаллаб турган лавозимларига лойиқлигини шубҳа остига олган эди.

«Демократия борасида бутун дунёга намуна сифатида айтиладиган АҚШ ёки Буюк Британия оммавий ахборот воситалари, масалан, «CNN» ёки «BBC» тизимидаги бир телеканал ёки радиостанция ходими худди шу тизимдаги бошқа бир телеканал ёки радиостанция фаолиятига нисбатан танқидий (боз устига асоссиз танқидий) баҳо берса, бундай ходим «CNN» ёки «BBC» тизимидан ўша заҳоти «кузатиб» қўйилади. Унга «Сизнинг хизматингизга энди муҳтож эмасмиз», дейилади.
Хўш, бизнинг корпорациямиз (яъни компаниямиз) корпоратив этикани тан олмайдиган, ҳамкасбларининг юзига оёқ қўядиган, сиёсий ва маданий онги ҳамда профессионализми ҳаминқадар бўлган бу икки ходимнинг хизматига муҳтожми?
Бу саволни Б.Акмалов ва Ж.Бобожоновларнинг виждонларига ҳавола этаман», дейилганди баёнотда.