https://storage.kun.uz/source/6/cjqINo8_3e8pQkSi4FaOVKeSg9L_6jby.jpg
Фото: ЎзА

Kun.uz | Расмий канал

АКТ вазирлиги ваъдасининг устидан чиқмади. Мактабларни тўлиқ тезкор интернет билан таъминлаш кейинги йилга қолган

2020 йил охиригача Ўзбекистондаги барча мактаблар тўлиқ тезкор интернет билан таъминланиши керак эди. Маълум бўлишича, жорий йилда ушбу режа 70 фоизга бажарилади, яна 1600та мактабни интернетлаштириш 2021 йилга қолдирилган.

Ўзи нима гап?

Гап шундаки, ўтган йили парламентда 2020 йилги давлат бюджети харажатлари муҳокама қилинганда, мамлакатдаги ижтимоий объектлар, хусусан, мактаб, боғча ва тиббиёт муассасалари тезкор интернет билан таъминлаш бўйича режалар ва бюджетда бунинг учун кўзда тутилаётган харажатлар тақсимоти кўриб чиқилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида 2019 йил охиригача мактабларнинг 4152таси (40 фоиз) интернет билан таъминланиши, 2020 йилда эса 4367та, 2021 йилда қолган 1600та мактабга оптик толали интернет етиб бориши режалаштирилгани маълум қилинган эди.

Депутат Расул Кушербаев ўша пайтда мактабларнинг атиги 31 фоизи оптик толали интернет билан таъминланганига эътибор қаратиб, 2020 йилга мўлжалланган давлат бюджетида бу кўрсаткични 100 фоизга етказишни таклиф қилганди.

Молия вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Нодир Муслиддинов депутатнинг сўзларига жавобан 2020 йилда умумтаълим мактабларининг интернет харажатларини қоплаш учун 4,4 млрд сўм ажратиш кўзда тутилгани, 2020 йилда мактабларни тўлиқ интернет билан қамраб олиш учун қўшимча харажатлар талаб этилса, Молия вазирлиги бу маблағни топиб бериши, бу масалада муаммо бўлмаслигини айтганди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Баҳромжон Олматов 1600та мактабни интернет билан таъминлаш бўйича 2021 йилга режалаштирилган масалани қайта кўриб чиқиб, 2020 йилнинг ўзида барча мактабларга оптик толали алоқа линияларини етказиб бериш учун барча имкониятлар ишга солинишини маълум қилганди.

Энг қизиғи, парламент муҳокамасига қадар Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов октябрь ойида Москвада бўлиб ўтган «Очиқ инновациялар-2019» форумида 2020 йил охиригача мамлакатдаги барча мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт муассасалари оптик толали интернет билан қамраб олинишини айтганди. Бироқ ҳукумат раҳбарининг сўзлари 2020 йилда қилиниши режалаштирилган бюджет харажатларига мос келмаган. Бундан келиб чиқадики, мутасаддилар бош вазирнинг халқаро майдондаги чиқишидан ёки бехабар бўлишган ёки «Очиқ инновациялар-2019» форумидаги ваъда номигагина берилган. Ҳукумат раҳбари ва аъзолари ўртасидаги «тушунмовчилик»ка бундан бошқача изоҳ бериб бўлмайди.

Ваъда бажариладими?

Афсуски, йўқ. Маълум бўлишича, президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 11 май куни бўлиб ўтган рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришга бағишланган йиғилишда АКТ вазири Шуҳрат Содиқов телекоммуникациялар қурилиши ва кенгайтирилиши ҳисобига 2020 йил охиригача 11,3 мингта ижтимоий объект, жумладан, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг 100 фоизи, мактабларнинг 70 фоизи оптик толали интернетга уланишини маълум қилган. Эътибор қилинг, 2020 йилги давлат бюджетини парламентда тасдиқлатиб олишдан аввал берилган ваъда ҳам, ҳукумат раҳбарининг халқаро майдонда Ўзбекистон номидан айтган сўзлари ҳам бажарилмаяпти.

Шуҳрат Содиқов халқ таълими муассасаларининг қолган 30 фоизи, яъни 1600та мактаб 2021 йил охиригача юқори тезликли интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини айтган. Йиғилиш баёнида қайд этилишича, вазирнинг сўзлари маълумот учун қабул қилинган. Демак, катта эҳтимол билан 1600 мактабнинг интернетга уланиши 2021 йилга қолдирилган.

Муаммо нимада?

Пандемия даврида таълим соҳаси энг кўп муаммоларга дуч келган, энг кўп танқидга учраган соҳалардан бири бўлди. Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 16 мартдан Ўзбекистондаги барча мактаблар ёпилди, ўқувчилар, ўқитувчилар ўқув йилини онлайн дарслар ёрдамида бир амаллаб якунлашди.

Масофадан ўқитиш ҳам, онлайн таълим олиш ҳам осон бўлгани йўқ. Бу жараёнда бир қанча муаммолар бўй кўрсатди. Жумладан, Ўзбекистонда аҳоли тўлиқ интернет билан қамраб олинмагани, қолаверса, борининг ҳам сифати, тезлиги талабга жавоб бермаслиги онлайн дарсларни ташкил этишда катта бошоғриқ бўлди. Муаммо ечими сифатида ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотлари бир қанча телеканаллар орқали эфирга узатилди.

Бироқ барибир ота-оналар фарзандларининг уй вазифаларини ўқитувчиларга юбориши, ўқитувчилар эса масофадан туриб уларни қабул қилиб олиши ҳамда баҳолаб бориши учун интернет керак бўлди. Нафақат чекка қишлоқларда, балки шаҳарлардаги интернет тармоқлари бундай юкламага тайёр эмаслиги кўриниб қолди, карантин даврида ижтимоий тармоқлар интернет сифати ва тезлиги танқид қилинган постларга, норози оҳангдаги изоҳларга тўлиб-тошди.

Карантинда ўқитувчилар қандай ишлаяпти? Мактаб муаллимлари билан суҳбат

Ҳатто интернет тезлиги пастлиги сабабли уйининг томига чиқиб дарс ўтаётган аёл ўқитувчи акс этган видео тарқалди. Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри яқинидаги «Наврўз» маҳалласида олинган ушбу видеода ўқитувчи аёл мактабда ишлаши, карантин пайтида ўқувчилар билан интернет орқали масофадан ишлаётгани, интернет муаммоси сабаб уйининг томидан жой ҳозирлаб дарс ўтаётгани маълум бўлди.

Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, ҳозирги кунда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилот вакиллари муаммо нимадалигини аниқлаш ва уни бартараф этиш устида иш олиб боришаётганини маълум қилган, фидойи ўқитувчи ҳар қандай шароитда ҳам ўқувчиларга билим беришга интилишини олқишлаган эди.

2020-2021 йилларда Ўзбекистондаги барча қишлоқ ва маҳаллалар юқори тезликдаги интернетга уланади

Пандемия қачонгача чўзилиши маълум эмас. Навбатдаги ўқув йили бошида ҳам мактаблар очилмаслиги, машғулотлар яна масофадан ўтилиши эҳтимоли йўқ эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти прогнозлари айни пайтда шундай хулоса чиқаришга ундамоқда. Тўғри, пандемия шароитида режадаги ишларни бажариш ҳеч бир давлатга осон бўлаётгани йўқ. Жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам бунинг ортидан мислсиз зарбаларга учраётганини ҳамма кўриб-билиб турибди.

Бироқ ҳозирги мураккаб ҳолатда ҳам кўп муаммоларни ақл билан ҳал қилиш имкони бор. Жумладан, мактабларни 2020 йил давомида интернет билан тўлиқ қамраб олиш мумкин. Бунинг учун устувор вазифаларни тўғри қўйсак бўлди. Айтайлик, юқоридагилардан келиб чиқилса, жорий йилда Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасаларидан кўра мактабларга юқори тезликли интернетни етказиб бориш муҳимроқ. Шундай экан, тиббиёт муассасаларини тўлиқ оптик толали интернетга улашни 2021 йилга қолдириб, мактабларни шу йилнинг ўзида интернет билан таъминлаш мумкин.

Ҳукумат қандай қилиб бўлмасин ваъдасининг устидан чиқиши, харажатларни тежаб бўлсада, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланган ҳолда йил учун дастурларни бажариши керак. Шунчаки, вазиятга оқилона ёндашилса ва келажакдаги кутилмалар инобатга олинса, муаммога ечим топса бўлади.

Мутасаддилардан мавзу бўйича расмий муносабат кутиб қоламиз.

Жамшид Ниёзов