Kun.uz | Расмий канал
«Uzbekistan Airways» хорижий компания бошқарувига берилиши мумкин
Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни транспорт соҳаси масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон транспорт корхоналари карантин чекловлари сабабли ҳозиргача 340 миллиард сўм зарар кўрган.
Эпидемиологик вазият барқарорлашгунча бу рақамлар яна ошиши аниқ. Шу боис соҳада пандемиянинг таъсирини юмшатиш, корхоналарни иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда.
Масалан, карантиндан энг кўп зарар кўрадиган «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятларининг 122 миллион доллар кредитлари тўлов муддатлари узайтирилди, 60 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 50 миллион доллар миқдорида айланма маблағ сифатида фоизсиз ссудалар ажратилди.
Йиғилишда янгича шароит ва талаблар асосида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Транспорт вазирлигига «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятларини пандемия таъсиридан олиб чиқиш бўйича бизнес модель ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Европа-Хитой йўналишида юк ташиш бозорига кириш орқали қўшимча даромад олиш, жорий ва инвестициявий харажатларни оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Рақобатни кучайтириш учун фуқаро авиацияси бозорига янги ташувчиларни жалб қилиш, «Uzbekistan Airways»ни нуфузли хорижий компания бошқарувига бериш масаласи кўриб чиқилди.
Аэропортларни модернизация қилиш, Андижон, Бухоро, Урганч ва Қарши халқаро аэропортларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланди, дейилади президент матбуот хизмати пресс-релизида.
Президент йиғилишида «Ўзбекистон темир йўллари»нинг носоҳавий активлари кўплиги масаласи кўрилди
«Тошкент – Андижон» пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер ўтказилади