Kun.uz | Расмий канал
Черногория Европада коронавирусга чалинганлар тўлиқ соғайган илк давлат бўлди
Черногорияда 20 кундан бери коронавирусга чалинишнинг янги ҳолатлари қайд этилмаяпти. Шунингдек, мамлакат коронавирусга чалинган барча фуқаролари соғайиб кетган Европанинг биринчи давлати бўлди.
Бу ҳақда Черногориянинг жамоат соғлиғини сақлаш институти твиттерда маълум қилган.
“Расман: айни вақтда Черногорияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари мавжуд эмас. Черногорияда биринчи ҳолат қайд қилингандан 68 кун ўтиб коронавирусга чалинган бирорта бемор йўқ”, дейилган хабарда.
Таъкидланишича, 24 май куни мамлакатда коронавирусни текшириш учун олинган 140 намунанинг таҳлили якунланган, улар орасида бирорта мусбат натижа қайд қилинмаган.
Аҳолиси 630 минг кишилик Черногория Европанинг коронавирус етиб борган охирги давлати бўлганди. Мамлакатда илк касалланиш ҳолати 17 март куни қайд қилинган. Шу вақт ичида мамлакатда умумий ҳисобда 324 киши коронавирусга чалинган, улардан 9 киши вафот этган, 315 киши соғайиб кетган.