Kun.uz | Расмий канал
Касаллик яна авж олиб кетса, янги чекловлар янада кескин бўлиши мумкин – Нурмат Отабеков
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария - эпидемиология назорати Давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда аҳолини карантин қоидаларига риоя этишга чақирди.
«Ҳурматли юртдошлар, минг афсуски, кейинги пайтларда коронавирус касаллигига чалинган шахслар аҳоли орасида ҳам аниқланяпти. Аниқроқ айтадиган бўлсак, карантинда бўлмаган, орамизда юрган шахслар орасида ҳам касалланиш ҳолати қайд этилмоқда.
Куни кеча аниқланган 49 нафар беморнинг 36 нафари аҳоли орасидан аниқланган. Демак, атрофимизда касалликка чалинганлар бор. Касалликка чалинганлар йўқ, деб ўз ҳаётимизни хавф остига қўймайлик. Қачонки ҳар биримиз карантин тадбирлари, профилактик тадбирларга тўлиқ риоя этар эканмиз, кўчадан соғлом қайтиб келамиз. Агар ўз саломатлигимиз, яқинларимиз, фарзандларимиз саломатлигига бефарқ бўлмасак, ҳар биримиз профилактик тадбирлар, тиббиёт ходимлари тавсияларига тўлиқ риоя этишимиз шарт бўлади.
Касаллик яна авж олиб кетадиган бўлса, буёғига қўлланадиган карантин ва чеклов тадбирлари анча кескин ва жиддий бўлиши мумкинлигини ҳеч ким унутмаслиги керак», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Брифинг давомида Ўзбекистонда экспресс текшириш қачон йўлга қўйилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.
«Ҳозир имзоланган баённомаларда экспресс усулда текширишлар амалга оширилиши тўғрисида алоҳида кўрсатма бор. Ўзбекистон Республикаси экспресс тестларни олиб келиш бўйича буюртмаларни ҳам бериб қўйган. Экспресс тестлар асосан организмда мавжуд антитаначаларнинг касаллик қўзғатувчисига қарши организмда ишлаб чиқарилган иммун тизими аскарларини аниқлашга бағишланган тест синовидир.
Шундай экан, бу синовлар ўтказилиши аниқ. Негаки, Ўзбекистонда касалликдан соғайган ва маълум бир даражада иммун тизимига эга, қонида антитаначалар мавжуд бўлган одамлар сони ортиб боряпти», деди Нурмат Отабеков.