Пекерман 2006 йилги ЖЧда Месси нега асосий таркибга киритилмаганини айтди
Аргентина терма жамоасининг собиқ мураббийи Хосе Пекерман нима сабабда 2006 йилги ЖЧда Месси Аргентина терма жамоасида асосий таркибга киритилмаганлигини изоҳлади.
"Ҳар ким ўйлаш ва фикрлаш ҳуқуқига эга. Биз ЖЧга йўл олганимизда Месси ҳали "Барса"да асосий таркиб ўйинчиси эмасди. Албатта, у ҳақда кўп гап сўзлар бўлганди, аммо у клубида ҳали асосий таркибда майдонга тушмасди. Шу боис мен уни терма жамоада ҳам, клубдаги сингари сабрли бўлишини истагандим.
Мен унга "ушбу терма жамоада ажойиб футболчилар жамланишган. Бу жамоа маълум ўйин услубига эга, биз ЖЧга муносиб ҳозирлик кўрдик. Сен терма жамоанинг муваффақиятига ҳисса қўшишинг керак. Аммо захира ўриндиғига назар солсанг, у ерда қандай маҳоратли футболчилар борлигини кўрасан. Майдонга тушиш учун берилган имкониятдан унумли фойдалан" дегандим. Якунда у ҳаммасини тўғри тушунганди", дейди Пекерман.
Эслатиб ўтамиз, Аргентина терма жамоаси ЖЧ-2006 мусобақада бешта учрашув ўтказганди. Улар чорак финалда Германия терма жамоасига мағлуб бўлиб, мусобақа билан хайрлашишганди. Месси эса ўшанда бир марта асосий таркибда майдонга тушганди.
Манба : Diario Sport