https://storage.kun.uz/source/6/zwrSEw5m0uFknsoKKfC0t0w32cECjqO6.jpg
Фото: Reuters

Kun.uz | Расмий канал

51-юлдуз. Пуэрто-Рико АҚШ таркибига штат бўлиб кирадими?

Кариб денгизи ҳавзасида жойлашган Пуэрто-Рико ороли АҚШ таркибига 51-штат бўлиб кириши яна муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Чунки бу борадаги навбатдаги референдум ноябрда ўтказилиши маълум бўлди. Орол губернатори Ванда Васкес референдум ўтказиш ҳақидаги қонунни имзолаган.

Олдинги референдум 2017 йил 11 июнда ўтказилган ва ўшанда оролнинг кўпчилик аҳолиси АҚШ таркибида қолиш учун овоз берган эди. Ноябрда ўтказилажак референдумда Пуэрто-Рико аҳолиси яна АҚШ таркибига 51-штат бўлиб қўшилиш ёки қўшилмасликни ёқлаб овоз беради. Тўғри, ҳал қилувчи қарорни барибир АҚШ Конгресси қабул қилади, аммо шундай бўлса-да, оролликларнинг фикри кўп нарсани англатади.

Маълумот учун, Пуэрто-Рико АҚШга эркин тарзда қўшилган ва ҳозир ҳам АҚШ бошқарувидаги давлат ҳисобланади.

Пуэрто-Рико ороли 1493 йилда Христофор Колумб томонидан кашф этилган. Ўша пайтда оролда ўзларини таино деб атайдиган ҳинду қабилалари яшаган. Улар ўз оролини Борикен деб атаган. Колумб эса оролга Сан Хуан де Баутиста деб ном беради. Кейинроқ орол испанлар томонидан босиб олинади ва ҳиндулар қириб ташланади. Испанлар у ерда Пуэрто-Рико шаҳрига асос солишади. Ўшанда орол ва унинг пойтахти икки хил номланиши денгизчиларга ноқулайлик туғдиради ва 1520-йиллардан бошлаб бутун орол Порто-Рико (маъноси «қимматбаҳо бандаргоҳ») деб аталади.

ХIХ асрнинг сўнгига қадар Испания мулки ҳисобланган орол 1898 йилда бўлиб ўтган АҚШ-Испания уруши пайтида америкаликлар томонидан эгаллаб олинади. 1917 йилда қабул қилинган Жонс-Шефрот актига кўра орол аҳолиси АҚШ фуқаролари ҳисобланади ва бу акт ҳозиргача амал қилади.

1932 йил АҚШ Конгресси томонидан оролнинг Порто-Рико номи Пуэрто-Рикога ўзгартирилади. 1947 йилгача оролни АҚШ президенти томонидан тайинланган губернаторлар бошқариб келган. Шу йили АҚШ ҳукумати Пуэрто-Рико губернаторини оролликларнинг ўзи сайлаши тартибини жорий этади. Ўшандан бери орол аҳолиси ўз губернаторини сайлаб келади.

Пуэрто-Рико аҳолиси АҚШ фуқаролари ҳисобланса-да, улар АҚШ сайловларида овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, орол аҳолиси федерал бюджетга солиқ тўламайди.

Пуэрто-Рико ҳақида асосий маълумотлар:

Расмий тиллар: испан ва инглиз тили;
Пойтахти: Сан-Хуан шаҳри;
Бошқарув кўриниши: АҚШ бошқарувидаги губернаторлик;
Майдони: 9 104 квадрат километр;
Аҳолиси: 3 195 153 нафар (2018 йил маълумоти);
Ялпи ички маҳсулот ҳажми: 77,4 миллиард доллар;
ЯИМ ҳажми аҳоли жон бошига ҳисоблаганда: 19 600 доллар;

АҚШ тарихи: Ким қачон қўшилган?

Замонавий АҚШ ҳудуди ХVIII асрда яхлит бир давлат бўлмай, унинг турли ҳудудлари бошқа давлатлар томонидан бошқарилган. Масалан, мамлакатнинг катта қисми Буюк Британия ҳудуди ҳисобланган бўлса, яна бир қисми Испанияга, яна бир қисми Нидерландияга тегишли бўлган. 1776 йилда мустақиллигини эълон қилган АҚШ ўшанда қуйидаги 13та штат томонидан тузилган. Мамлакат байроғидаги 13та қизил ва оқ чизиқлар айнан уларни ифодалайди.

Нью-Ҳемпшир провинцияси, кейинчалик Нью-Ҳемпшир штати;
Массачусетс-Бэй провинцияси, кейинчалик Массачусетс ва Мэн штатлари;
Род-Айленд колонияси, кейинчалик Род-Айленд штати;
Коннектикут колонияси, кейинчалик Коннектикут штати;
Нью-Йорк провинцияси, кейинчалик Нью-Йорк ва Вермонт штатлари;
Нью-Жерси провинцияси, кейинчалик Нью-Жерси штати;
Пенсильвания провинцияси, кейинчалик Пенсильвания штати;
Делавэр колонияси, кейинчалик Делавэр штати;
Мэриленд провинцияси, кейинчалик Мэриленд штати;
Виржиния доминиони, кейинчалик Виржиния, Кентукки ва Ғарбий Виржиния штатлари;
Шимолий Каролина провинцияси, кейинчалик Шимолий Каролина штати;
Жанубий Каролина провинцияси, кейинчалик Жанубий Каролина штати;
Жоржия провинцияси, кейинчалик Жоржия штати.

АҚШ тузилгандан сўнг Буюк Британия билан уруш бошланади. АҚШ ўз мустақиллигини муносиб ҳимоя қилади. 1783 йилда Парижда имзоланган тинчлик шартномасига кўра, Буюк Британия АҚШни мустақил давлат деб тан олади.

АҚШга қўшилган штатларнинг тартиб рўйхати қуйидагича:

Делавэр - 1787 йил 7 декабрь;
Пенсильвания - 1787 йил 12 декабрь;
Нью-Жерси - 1787 йил 18 декабрь;
Жоржия - 1788 йил 2 январь;
Коннектикут - 1788 йил 9 январь;
Массачусетс - 1788 йил 6 февраль;
Мэриленд - 1788 йил 28 апрель;
Жанубий Каролина - 1788 йил 23 май;
Нью-Ҳемпшир - 1788 йил 21 июнь;
Виржиния - 1788 йил 25 июнь;
Нью-Йорк - 1788 йил 26 июнь;
Шимолий Каролина - 1789 йил 21 ноябрь;
Род-Айленд - 1790 йил 29 май;
Вермонт - 1791 йил 4 март;
Кентукки - 1792 йил 1 июнь;
Теннеси - 1796 йил 1 июнь;
Оҳайо - 1803 йил 1 март;
Луизиана - 1812 йил 30 апрель;
Индиана - 1816 йил 11 декабрь;
Миссисипи - 1817 йил 10 декабрь;
Иллинойс - 1818 йил 3 декабрь;
Алабама - 1819 йил 14 декабрь;
Мэн - 1820 йил 15 март;
Миссури - 1821 йил 10 август;
Арканзас - 1836 йил 15 июнь;
Мичиган - 1837 йил 26 январь;
Флорида - 1845 йил 3 март;
Техас - 1845 йил 29 декабрь;
Айова - 1846 йил 28 декабрь;
Висконсин - 1848 йил 29 май;
Калифорния - 1850 йил 9 сентябрь;
Миннесотта - 1858 йил 11 май;
Орегон - 1859 йил 14 февраль;
Канзас - 1861 йил 29 январь;
Ғарбий Виржиния - 1863 йил 20 июнь;
Невада - 1864 йил 31 октябрь;
Небраска - 1867 йил 1 март;
Коларадо - 1876 йил 1 август;
Шимолий Дакота - 1889 йил 2 ноябрь;
Жанубий Дакота - 1889 йил 2 ноябрь;
Монтана - 1889 йил 8 ноябрь;
Вашингтон - 1889 йил 11 ноябрь;
Айдаҳо - 1890 йил 3 июль;
Вайоминг - 1890 йил 10 июль;
Юта - 1896 йил 4 январь;
Оклаҳома - 1907 йил 16 ноябрь;
Нью-Мехико - 1912 йил 6 январь;
Аризона - 1912 йил 14 февраль;
Аляска - 1959 йил 3 январь;
Ҳавайи - 1959 йил 21 август;

АҚШ штатлари ҳақида қизиқарли маълумотлар

АҚШ штатларининг ҳар бирида ўз конституцияси бор. Штатларнинг маъмурий бўлиниши қандай тарзда бўлиши уларнинг конституциясида белгилаб қўйилган. Шунингдек, Небраска штатидан бошқа барча штатларда худди АҚШ Конгресси ва Сенатига ўхшаш икки палатали парламент мавжуд. Штатлардаги қонунчилик палаталарининг неча йилга сайланиши турлича. Аксариятида улар икки йилга сайланади. Штатларнинг Олий судлари ҳам турли муддатга тайинланади ёки сайланади.

Штатларни сайлов йўли билан сайланадиган губернаторлар бошқаради. Баъзи штатларда ҳудуднинг конституциясига қараб губернаторлар АҚШ президентлари каби тўрт йилдан икки муддатга сайланиши мумкин. Яна баъзи жойларда губернаторлар штатни икки муддатдан ҳам ортиқроқ бошқариши мумкин. Ўндан ортиқ штатларда эса губернаторларнинг сайловда қатнашиши ва штатни бошқариши бўйича ҳеч қандай чеклов йўқ.

Губернаторлик сайловларида унга параллел равишда штат вице-губернатори ҳам сайланади. Фақатгина Теннеси ва Ғарбий Виржиния штатларида вице-губернаторни сайловчилар эмас, штат сенати сайлайди. Умуман олганда, АҚШнинг ҳар бир штатида икки хил – федерал ва маҳаллий қонунлар ишлайди. Штатларнинг аксарияти округларга бўлинади. Округларда хизмат кўрсатадиган округ бош шерифи, прокурори, судьяси, солиқ бошлиғи – яъни «тўртлик» сайлов йўли билан танланади. Ҳа, америкаликларнинг жуда кўп вақти сайловларда ўтиб кетади.

Мамлакатдаги 50та штатнинг 33тасида маъмурий марказ йирик шаҳарларда эмас, балки кичикроқ шаҳарларда жойлашган. Масалан, Калифорниянинг маъмурий маркази штатнинг энг катта шаҳри Лос-Анжелесда эмас, Сакраменто шаҳарчасида жойлашган. Нью-Йорк маъмурий маркази ҳам Нью-Йорк шаҳрида эмас, балки Олбани шаҳарчасида.

Пуэрто-Рико штат мақомини олиши мумкинми?

Ҳозирча Пуэрто-Рикода АҚШнинг 51-штати бўлиш имконияти паст баҳоланмоқда. 2017 йил ҳам бу давлатда унинг АҚШга 51-штат бўлиб қўшилиши юзасидан референдум ўтказилган эди. Ўшанда орол аҳолиси АҚШга тенг ҳуқуқли штат бўлиб қўшилишни ёқлаб овоз берган, аммо АҚШ Конгресси ва Олий суди Пуэрто-Рикони штат қилиб қўшиб олишга рози бўлмаганди. Қизиқ, баъзи давлатлар майдонини кенгайтириш учун ўлиб тирилаётган бир вақтда АҚШ ўз таркибига қўшилишни истаётган ҳудудни хотиржамлик билан рад этган.

Пуэрто-Рикода аҳолиси бу гал ҳам АҚШга 51-штат бўлиб қўшилиш учун овоз беришига шубҳа йўқ. Аммо АҚШ Конгресси ва Олий суди бу сафар қандай қарорга келиши аниқ эмас. Агар бу сафар Пуэрто-Рикога штат мақоми бериладиган бўлса, АҚШнинг бошқа ҳуқуқсиз ҳудудлари ҳам штат мақомини сўрай бошлаши мумкин.

АҚШ ихтиёрида Пуэрто-Рикодан ташқари штат мақомини олмаган АҚШ Виржин ороллари, Шимолий Марианна ороллари, Гуам ва Америка Самоаси каби ҳудудлар бор. Улар ҳам келажакда штат мақомини сўраб АҚШ ҳукуматига мурожат қилиши мумкин.

Масалан, Осиё қитъасига яқин ҳудудда жойлашган Гуам ороли ҳам АҚШга тегишли. Бу орол аҳолиси ҳам АҚШ фуқаролари ҳисобланади, аммо улар ҳам Пуэрто-Рико аҳолиси каби сайлаш ҳуқуқига эга эмас. Бугун оролда қарийб 200 минг киши яшайди. Агар Пуэрто-Рико АҚШнинг 51-штати мақомини олса, келажакда бу орол ҳам АҚШнинг тўлақонли штати бўлиш учун ҳаракат қилиб кўриши эҳтимоли юқори. АҚШ эса ҳадеб байроғидаги юлдузчалар сонини оширишни истамайди.

Дарвоқе, Пуэрто-Рико масаласи жиддийга ўхшамоқда, чунки аллақачон АҚШнинг 51та юлдуздан иборат янги байроғи учун дизайнлар таклиф қилиш бошланган...