Kun.uz | Расмий канал
ТИВ Самарадаги ҳолат бўйича маълумот берди ва у ерда тўпланаётган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди
Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига боришга уринмаслик, яшаш жойида қолиш ва карантин чораларига қатъий амал қилиш сўралган.
Қозоғистон ҳудуди орқали ватанга қайтиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларининг Россия-Қозоғистон чегараси яқинида Самара вилоятида тўпланиши давом этмоқда.
Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2020 йилнинг 18 ва 19 май кунлари Россия-Қозоғистон чегараси орқали ватандошларнинг Ўзбекистонга олиб кетилиши истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналарнинг аввалдан шакллантирган рўйхати асносида Россия ва Қозоғистон томонлари билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Қўшимча рўйхатлар тузилиши кўзда тутилмагани айтилади.
“Огоҳлантиришларимизга қарамай, 280га яқин фуқароларимиз Россия-Қозоғистон чегараси олдида тўпланмоқдалар. Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги маълумотига кўра, Самара области Ҳукумати ушбу фуқароларни саноат объектларида иш, ётоқ жой ва озиқ-овқат билан таъминлашга тайёрлигини билдирган.
Аммо тўпланган ватандошларимиздан фақат 25 нафари ушбу таклифни қабул қилган бўлса, қолганлари ҳамон Большая Черниговка тумани ҳудудида қолмоқдалар.
Ишга жойлашишни истамаган ва чегара яқинида қолаётган ватандошларимизни ўзларининг вақтинча/доимий яшаш жойларига қайтишларини ҳамда чартер рейсларини кутишларини сўраб қоламиз”, - дейилади хабарда.
Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига боришга уринмаслик, яшаш жойида қолиш ва карантин чораларига қатъий амал қилиш сўралган.