https://storage.kun.uz/source/6/qgyQmiAZsVBAeYbM7e9XVYk9o_Odk7FA.jpg

Kun.uz | Расмий канал

Ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш муддати узайтирилди

Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига мажбурий алмаштириш муддати бир йилга чўзилиб, 2021 йил охиригача деб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 22 майдаги 319-сонли қарори билан, ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги 25 май куни маълум қилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги гувоҳномага мажбурий алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилди. Бундан аввалги муддат 2020 йил 31 декабрь этиб белгиланган эди.

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (илгари 2021 йил 1 январь эди).

Бундан ташқари, автомототранспорт воситасини 12 ой мобайнида бошқарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар қаторига транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари учун автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтгани тўғрисидаги гувоҳнома ва транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ҳам қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш 2017 йилда бошланган эди.

Фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун доимий яшаш жойидаги давлат хизматлари марказига, марказда бундай хизмат мавжуд бўлмаган ҳудудларда ЙҲХБнинг тегишли бўлинмаларига мурожаат қилади.

Бунда фуқаро паспорт, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини тақдим этиши лозим. Эски гувоҳномани янгисига алмаштириш учун БҲМнинг 70 фоизи (ҳозирда 156 100 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

Энди Андижон ва Хоразмда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаларини давлат хизматлари марказларида янгилаш мумкин – ДХА

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ҳужжат топширган фуқаролардан суратга тушиш талаб этилмаслиги мумкин