Kun.uz | Расмий канал
Биржада бир ҳафтада қанча шакар ва бензин сотилгани очиқланди
Ўтган ҳафта давомида, яъни 18 – 24 май кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси"нинг барча савдо платформаларида 1,2 трлн сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 15,6 фоизга кўп.
Бунда сотувларнинг 89 фоизи - биржа савдолари, 7 фоизи - кўргазма-ярмарка савдолари, 4 фоизи - электрон давлат харидлари ва 0,5 фоизи - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 25,6 фоизга ўсиш билан 413,5 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 10,9 млрд сўмлик маблағлари тежалди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 992 та авторақамлар сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 52 фоизга ўсиб, 6,2 млрд сўмни ташкил қилди. Савдолар натижасида битимларнинг 23,6 фоизи биринчи тоифадаги авторақамларга, 49,9 фоизи иккинчи ва 26,5 фоизи учинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.
Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 1,08 трлн сўмлик товар ресурслари сотилди, бу аввалги ҳафтага нисбатан 16,4 фоизга кўпдир. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди.
Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 3 540,0 тонна пахта ёғи қўйилди ва улардан 2 017,0 тоннаси, яъни 57,6 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 41 та харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8,8 млн сўмдан 9,1 млн сўмгача, яъни 3,5 фоизга ўсди. Ҳафта якунларига кўра 1-навли пахта ёғининг ҳафталик котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан 2,6 фоизга пасайиб, маҳсулотни бир тоннаси учун 9,4 млн сўмни ташкил этди.
Таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли биржанинг шакар бозорида барқарорлик сақланмоқда. Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 15 250,0 тонна шакар қўйилди ва улардан 6 832,0 тоннаси, яъни 44,8 фоизи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 15 та харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5,3 млн сўмдан 5,2 млн сўмгача, яъни 2,3 фоизга камайди. Ўтказилган биржа савдолари натижасида шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи аввалги ҳафтага нисбатан 2,5 фоизга пасайиб, бир тоннаси учун 5,3 млн сўмни ташкил қилди.
Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 60 563,0 тонна АИ-80 маркали автомобиль бензини қўйилди ва улардан 10 931,9 тоннаси, яъни 18,0 фоизи сотилди.
Биржа савдоларида “Ўзбекнефтегаз” АЖ нефть базалари, автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бензинни ўз эҳтиёжлари учун харид қиладиган бошқа юридик шахслар иштирок этишди.
Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4,06 млн сўмдан 4,067 млн сўмгача пасайди.
АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг ўртача ҳафталик котировкаси 1,8 фоизга пасайиб, бензиннинг бир тоннаси учун 3,9 млн сўмни, АИ-91 бензинни нархи 2,6 фоизга пасайиб – 5,6 млн сўмни ташкил этди.