Kun.uz | Расмий канал
Илмий ташкилотлар рейтинги ҳар йили аниқланади
Рейтинг мажмуавий тарзда тузилиб, ўз ичида кўплаб тоифаларни қамраб олади.
Мамлакатда илк бор илмий ташкилотлар рейтинги пайдо бўлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ёзмоқда.
Ўзбекистоннинг илм соҳаси 104 та академик ва тармоқ илмий муассасаларидан, шу жумладан, 65 та илмий-тадқиқот институти, 31 та илмий-тадқиқот маркази (улардан 14 таси ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот маркази) ва 8 та бошқа турдаги илмий ташкилотларидан иборат.
Бундан ташқари, илмий-тадқиқот ишлари 118 та олий таълим муассасаларида (шу жумладан, филиалларда) олиб борилмоқда.
Мавжуд илмий салоҳиятнинг катта қисми пойтахтда марказлашган. 104 илмий ташкилотдан 80.7 фоиз (84 та ташкилот) Тошкент шаҳрида, 19.3 фоизи эса (20 та ташкилот) вилоятларда фаолият юритмоқда.
Ҳозирги кунда 37 185 нафар тадқиқотчи (шу жумладан, олий таълим муассасаларининг профессор ва ўқитувчилари) илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиб, улардан 16 863 нафари, ёки 45.3 фоизи ўз фаолиятини Тошкент шаҳрида олиб бормоқда.
Рейтингнинг асосий мақсади – тадқиқот институтлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини барпо этиш, илмий ва инновацион фаолиятининг даража ва сифатини рағбатлантириш, тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, реал сектор учун илмий асосланган (асл матнда: илмий сиғимга эга) маҳсулот ва технологияларни ишлаб чиқиш учун асос яратиш.
Бундай рейтинглар илмий-тадқиқот фаолиятида юксак кўрсаткичларга эга кўплаб давлатларда қўлланилади.
Жаҳон университетларининг академик рейтинги (ARWU), Quacquarelli Symonds ва Times Higher Education (THE) каби рейтинглар бутун дунёда тан олинган.
Рейтинг мажмуавий тарзда тузилиб, ўз ичида кўплаб тоифаларни қамраб олади. Илмий ташкилотларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолияти даражаси, илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва бошқалар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 майдаги 274-сонли “Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тадқиқот муассасаларининг рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом ишлаб чиқилган.
Рейтинг Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тузилади.