Kun.uz | Расмий канал
Тошкентда «Ипотека банк» ходимида коронавирус аниқланди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 май куни республика «Ипотека-банк» бош бошқармаси ходимида коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, касалликка чалинган фуқаро яқин 20 кун ичида ўзи ва оила аъзолари меҳмонга бормаган, қўни-қўшниларникига ҳам чиқмаган. Унинг яшаш манзили бўйича мулоқотда бўлган барча оила аъзолари белгиланган тартибда карантинга олинган. Қўшимча эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.
Бемор билан мулоқотда бўлган ҳамкасблари ҳам белгиланган тартибда 14 кунлик карантин назоратига олинган. Қолган ходимлар эса яшаш манзиллари бўйича тиббий назоратга олинган. Барча мулоқотда бўлганлардан лаборатор таҳлил учун намуналар олинган.
«Ипотек банк» матбуот хизмати ҳам ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, карантин даври бошлангандан бери, банкнинг Бош офисида жами ходимларнинг 30 фоизига яқини ишхонада ишлашига рухсат этилган ҳамда ходимларнинг аксарият қисми масофадан ишлашга ўтказилган, қолганларига меҳнат таътили берилган.
«Бугунги кунда инфекция аниқланган ходим шифокорлар назоратига олинган ҳамда у билан яқин алоқада бўлган 25 нафар ходим карантинга олинган.
Ҳозирда банкнинг Бош офисида иш фаолиятини давом эттираётган барча ходимлар коронавирусга тест топширмоқда», дейилади хабарда.
Банк биносида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария эпидемиологик осойишталиги агентлиги мутахассислари томонидан зарарсизлантириш ишлари ўтказилган.
«Аҳоли орасидан коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари учраб турганини ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан, яна бир бор, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, яъни қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби эҳтиёт чораларини кўришни ва санитария қоидаларга қатъий амал қилишларини сўрайди.
Ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Бундан аввалроқ, 23 май куни Тошкентдаги «Ўрикзор» савдо мажмуасидаги сотувчилардан бирида коронавирус инфекцияси аниқлангани, бозор вақтинчалик ёпилгани хабар қилинганди.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасининг Малака ошириш маркази ходимида коронавирус аниқланган, Марказий аппаратда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча ходимлар тестдан ўтказилиши бошланган.
«Билайн»нинг 91 ходими карантинга олинган — Тошкент вилоятидаги вазият юзасидан маълумот берилди
24 май куни Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 9та янги ҳолат аниқлангани хабар қилинганди.