Kun.uz | Расмий канал
Қоракўллик тадбиркорнинг қора кунлари: фаолиятига ҳоким тўсқинлик қилаётган чоғда унга табиат ҳам талафот етказди
Қоракўл туманида фаолият олиб борувчи «Amirzoda Trade» МЧЖ раҳбари Жасур Турдиев Kun.uz таҳририятига бир неча марта мурожаат қилиб, унга нисбатан туман ҳокимлиги томонидан ўтказилаётган тазйиқлардан шикоят қилган эди.
Сайт мухбирлари коронавирус пандемияси шароитида жорий этилган карантин сабабли воқеа жойига бора олмаётганди. 27 апрель куни Олот ва Қоракўл туманида рўй берган кучли довул оқибатларини ёритиш учун 4 май куни Бухорога борганимизда Жасур Турдиев билан учрашдик.
Ёш тадбиркорнинг ҳикоя қилиб беришича, унга Қоракўл туманининг аввалги ҳокими Ҳ.Ғойиров томонидан ажратиб берилган 0,75 га ер майдонида тадбиркорлик объекти қуришга рухсат берилмаяпти.
Тадбиркор бу ерда уч қаватли автомобиллар тўхташ жойи барпо этмоқчи, лойиҳалар тайёрланиб, керакли ташкилотларнинг ҳам рухсати олинган.
Бироқ, Олот тумани ҳокими бўлиб ишлаганида муштумзўрлиги билан довруғ қозонган, шу йил февралида Қоракўл туманига ҳоким бўлиб келган Шерали Саломов тадбиркордан ерни қайтаришни талаб қилмоқда.
Тадбиркор Жасур Турдиевнинг сўзларига кўра, лойиҳаларини вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси ҳам тасдиқлаб бермаяпти. Унинг айтишича, бунинг барчаси у ерни туман ҳокимлиги захираси қайтариб бериши учун қилинмоқда.
Тадбиркор пандемия шароитида тазйиқ ўтказиш мақсадида туман ҳокими бир неча марта уни маъмурий қамоққа олиш юзасидан топшириқ ҳам берганини таъкидлайди.
Тадбиркор Олот ва Қоракўл туманларида кўп марта ҳомийлик қилгани, унга шу сабабли ер берилганини айтмоқда. Қурилишга тўсқинлик қилинаётгани учун, қазиб қўйилган ҳандақ ҳозир улкан чиқинди ўрасига айланиб кетган.
Боз устига, 27 апрель куни рўй берган кучли шамол унинг янги барпо этилган, ишга туширилишига 2 кун қолган ишлаб чиқариш корхонасига ҳам талафот етказган. У мутасаддилардан ҳеч ким унга ёрдам қўлини чўзмаётганини айтиб ўтди. Тадбиркор мазкур корхонани ишга тушириш учун 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Жумладан, унинг темир-бетон буюмлар ишлаб чиқариш учун харид қилиб қўйган юзлаб тонна цемент маҳсулотлари очиқ ҳавода, ёмғир остида қолиб яроқсиз ҳолга келган.
Биз бу борада туман ҳокими Шерали Саломов билан боғланиб, ундан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Лекин у вақти тиғизроқлигини айтиб, гўшакни қўйди.
Туман ҳокимлари иш ўрни яратаётган, ишлаб чиқаришга йўналган корхоналарни очиб ишлатаётган ёш, ғайратли тадбиркорларга шароит яратиб бериши керак эмасми?
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 19 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмаслиги» ҳақида таъкидлаб ўтди.
Тадбиркор президентга мурожаат порталига бу ҳақида бир неча бор мурожаат қилган. Бизнес омбудсман, Бош вазирнинг тадбиркорлар халқ қабулхонасига мурожаат қилмаган экан. Буни у мурожаатлар барибир туманга қайтариб юборилаётгани, тумандаги мутасаддилар эса мурожаатни «ёпиб» юборишаётгани билан изоҳлади.
Қоракўл тумани ҳокими Шерали Саломов ва вилоят архитектура бошқармасидаги мутасаддилар нега бундай йўл тутишмоқда? Бухоро вилоятидаги мутасаддилардан жўяли жавоб кутиб қоламиз.
Kun.uz ушбу вазиятни кузатишда давом этади.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Фахриддин Ҳотамов, оператор.