Kun.uz | Расмий канал
Самарқандда 4,5 миллион сўмга машинани «стоянка»дан олиб чиқишни ваъда қилган «СЭС» ходими қўлга олинди
Карантин вақтида машиналарнинг ҳаракатига қўйилган чекловлар эълон қилиб борилаётган бўлса-да, ўз автомобилида кўчага чиқаётганлар сони камаймаяпти. Бундай ҳайдовчиларга карантиннинг қанчалик муҳимлигини тушунтириши керак бўлган давлат хизматчилари орасида эса вазифасини суистеъмол қилаётганлар ҳам учраб турибди.
Самарқандда икки нафар шундай ходим пул эвазига карантин қоидасини бузган ҳайдовчиларнинг машинасини жарима майдончасидан олиб чиқиб бермоқчи бўлган вақтда қўлга олинди.
Самарқанд вилояти ИИБга Жомбой туманида жойлашган МЧЖларнинг бирида ҳайдовчи бўлиб ишловчи А.А. томонидан мурожаат келиб тушган. У ўзига тегишли бўлган «Лабо» машинасида 2020 йил 7 май куни Самарқанд шаҳри бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтда тўхтатилган ва махсус рухсатномаси бўлмагани сабаб ДСЭНМ ходими томонидан баённома расмийлаштириб, машинаси жарима майдончасига жойлаштирилган.
А.А. 12 май куни Самарқанд вилоят ДСЭНБга борганида, у ерда ишловчи О. исмли шахс 4 500 000 (тўрт миллион беш юз минг) сўм эвазига машинасини жарима майдончасидан чиқариб беришни таклиф қилган. Аризада А.А. унинг машинаси N-1 тоифасига киришини, «СЭС» ходими эса ундан ноқонуний тарзда 4,5 миллион сўм пул олганини айтиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан 20 май куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда 1980 йил Самарқанд вилоятида туғилган, Самарқанд вилоят Давлат санитария эпидемиология назорат бошқармасида мансабдор шахс бўлиб ишловчи Н.О. ариза муаллифидан олган 4 500 000 сўм миқдордаги пулларни қайтариб бераётган вақтда ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
18 май куни Самарқанд вилояти ИИБга худди шу мазмундаги яна бир ариза тушган. Самарқанд туманида яшовчи ариза муаллифи Ф.Ф. ўзига тегишли «Кобальт»да 14 май куни карантин қоидаларини бузиб ҳаракатлангани учун унинг автомобили ДСЭНМ ходимлари томонидан тузилган баённома асосида жарима майдончасига жойлаштирилади.
Ф.Ф. Самарқанд тумани ДСЭНМга борганида у ерда ишловчи З. исмли шахс Самарқанд вилояти ДСЭНМнинг мансабдор шахслари орқали унинг автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима тўланганлиги тўғрисидаги квитанция ва мансабдор шахсларга пора беришини рўкач қилиб 1 000 000 (бир миллион) сўм пул сўрайди.
Мазкур аризага асосан, 18 май куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1979 йил туғилган, Самарқанд тумани ДСЭНБ бўлимида ишловчи С.З. ариза муаллифидан 1 000 000 сўм миқдоридаги пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 211-модда 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.