Kun.uz | Расмий канал
«Ватан ўғлони» ҳарбий-ватанпарварлик ташкилоти ташкил этилади
“Ватан ўғлони” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилоти фаолияти ташкил этилади.
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси “Ватан ўғлони” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилоти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси “Ватан ўғлони” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилотини тузиш;
“Ватан ўғлони” ташкилоти ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси “Ватан ўғлони” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилотини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Белгилаб қўйилишича:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги “Ватан ўғлони” ташкилотининг таъсисчиси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикасининг “Ватан ўғлони” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ташкилоти ўз мақомига, ходимлар (ҳарбий хизматчилар) меҳнатига ҳақ тўлаш (пул таъминоти) шартларига кўра Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг мустақил бўлимига тенглаштирилади;
“Ватан ўғлони” ташкилотининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари Мудофаа вазирлиги қўшинлари ходимларининг чекланган умумий сони доирасида ташкил этилади;
“Ватан ўғлони” ташкилотининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари “Ватан ўғлони” ташкилоти етакчиси ҳисобланади;
“Ватан ўғлони” ташкилоти ва унинг ҳудудий бўлимларининг моддий-техник таъминоти Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
“Ватан ўғлони” ташкилоти ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари бўйича давлат бошқаруви органлари ходимларига тенглаштирилади.
Қуйидагилар “Ватан ўғлони” ташкилотининг асосий вазифалари этиб белгиланади:
Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш;
ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик, бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятлар ва қонунларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича бурч туйғусини шакллантириш;
такомиллашаётган, билимдон, рақобатбардош, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган, мустаҳкам ахлоқий негизга эга, ўзгарувчан шароитларга мослашувчанлик қобилиятига эга бўлган болалар ва ўсмирлар шахсини ҳар томонлама ривожлантириш ва такомиллаштириш;
эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, жамиятда муносиб мавқеини эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакатнинг, халқи ва ўз оиласининг фаровонлиги ва ривожини юксалтириш орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;
ёшларни, айниқса уюшмаган ёшларни турли хавфли ғоялар таъсиридан ва ташқаридан “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан сақлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик профилактикаси бўйича ишларни олиб бориш, уларни содир этилишини олдини олишда кўмак бериш;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташ ва унга тайёрлаш бўйича ижобий мотивацияни шакллантириш;
ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш учун қўшимча шароитларни яратишга қаратилган мажмуавий чора-тадбирлардан иборат бўлган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш;
ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш ишларига замонавий усуллар ва мактабдан ташқари таълим йўналишларини татбиқ этиш.