Kun.uz | Расмий канал
Сайлов кодексига жиддий ўзгартириш киритилиши кутиляпти. У сиёсий партияларнинг имзо тўплашига алоқадор
Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Ўзбекистон сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар дастури лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига қатор ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Уларга кўра:
бўшаган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш учун аниқ муддатларни белгилаш;
парламентда ўз фракциясига эга бўлган сиёсий партиялар учун (камида 9та депутатлик ўрни) сайловларда иштирок этиш учун сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини (парламент сайловида 40 мингта, президентлик сайловида сайловчиларнинг 1 фоизи миқдорида) тўплаши шарт эмаслиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш;
Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган сайловчилар имзолари зарур сонининг барчасини текшириш тартибини ўрнатиш, имзоларни ҳақиқий эмас деб топиш асосларини белгилаш;
хорижий давлатларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг сайловда иштирок этишига оид кафолатларини кенгайтириш (сайловчиларни хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича интерактив давлат хизматларини йўлга қўйиш, сайловчилар турган жойида муддатдан олдин овоз бериш тартибини белгилаш);
халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини (ОСК) тугатиш ва унинг ваколатларини туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш;
сайлов комиссиялари аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини такомиллаштириш, шу жумладан компенсация тўловларини ҳамда доимий иш билан банд бўлмаган аъзолар, пенсионерлар учун иш ҳақи тўлаш тартибини ёритиш;
номзоднинг номзодликдан воз кечиши мумкинлиги учун аниқ муддатларни ўрнатиш (сайловга 15 кун қолгунга қадар);
сайловолди ташвиқоти даврида айрим чекловларни олиб ташлаш, шу жумладан:
сайлов комиссияларининг депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиш, учрашув жойи ва вақти ҳақида сайловчиларни олдиндан хабардор қилишга оид вазифаларини бекор қилиш;
сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсат бериш тартиб-таомилини бекор қилиб, маҳаллий ҳокимлик идораларини олдиндан хабардор қилиш тартибини ўрнатиш;
оммавий ахборот воситаларидан (ОАВ) фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақтини сиёсий партиялар билан келишиш тартибини бекор қилиш;
давлат идоралари томонидан ўз ресурсларидан сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун ноқонуний фойдаланишини тақиқловчи қоидаларни ўрнатиш;
вилоят, туман, шаҳар, округ сайлов комиссияларининг сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ваколатини акс эттириш;
участка сайлов комиссиялари (УСК) аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидани, дипломатик ваколатхоналарда, ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхона ва бошқа стационар даволаш муассасаларида тузилган участкалар учун истисно этиш;
сайлов бюллетенининг матнини соддалаштириш, хусусан бюллетень матнидан номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи ҳақидаги маълумотларни чиқариб ташлаш;
сайловчилар рўйхатига ўзгартириш киритишни сайловга 5 кун қолганда тўхтатиш;
ОАВ сифатида рўйхатга олинган (аккредитация қилинган) ОАВ вакилларини сайлов комиссиялари томонидан қайта аккредитация қилиш тартибини бекор қилиш (Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинмаган хорижий ОАВ вакиллари бундан мустасно);
кузатувчиларни аккредитация қилиш учун сайлов комиссияларига мурожаат қилиш муддатини 15 кундан 10 кунга қадар қисқартириш;
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида ҳамда овозларни санаб чиқишда иштирок этадиган сиёсий партияларнинг ваколатли вакили мақомини аниқлаштириш;
ОСК ва УСКларнинг сайлов натижалари тўғрисида баённомаларида кўрсатиладиган маълумотларни бир-бирига мослаштириш (санаш жараёнини бирхиллаштириш орқали соддалаштириш);
ОСК томонидан округ бўйича сайлов натижалари тўғрисида баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун ОСК биносига камида 48 соат муддатга дарҳол осиб қўйиш лозимлиги тўғрисидаги тартибни белгилаш;
такрорий овоз бериш жараёнида мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаштириш (такрорий овоз беришда асосий сайлов куни 18 ёшга тўлган фуқароларгина қатнашиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш ва ҳ.к.);
Марказий сайлов комиссияси аъзосининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзоси билан тенг ҳуқуқий мақомда транспортда текин юриш, расмий делегациялар учун мўлжалланган заллардан текин фойдаланиш, навбатсиз чипта бериш ҳуқуқларини мустаҳкамлаш;
сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан молиявий қонун-қоидалар бузилганлиги учун жавобгарлик чораларини жорий этиш;
сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят қилиш муддатини 10 кундан 3 кунга қадар қисқартириш назарда тутилган.
Ижро муддати - 2020 йил август, масъул ижрочилар - МСК, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, сиёсий партиялар, вазирлик ва идоралар.