https://storage.kun.uz/source/6/MsoQ10nm2s_Pd8n4emubPRLVPcrbbtnK.jpg

Kun.uz | Расмий канал

Қирғизистонда 25 майдан карантин чекловлари енгиллаштирилади

Қирғизистонда 25 майдан коронавирусга қарши кураш доирасида киритилган карантин чекловлари енгиллаштирилади.

Жумладан, вирусга қарши санитар меъёрларга қатъий риоя қилинган ҳолда жамоат транспорт иши тикланади, буюм бозорлари, ёзги кафелар ва ресторанлар очилади.

Шунингдек, театр, музей, кўргазма заллари ва кутубхоналар фаолияти тикланади.

Пойтахт Бишкек мэрияси тезкор штаб қарорлари асосида 25 майдан рухсат бериладиган фаолият турлари рўйхатига спорт заллари, тренажёр заллари, фитнес-клублар ва бассейнларни киритган.

Бундан ташқари, контактли, жамоавий спорт турлари учун мўлжалланган спорт марказлари ишлашига ҳам рухсат берилади.

Штабда санитар-гигиена меъёрлари ва қоидалари – хоналарни дезинфекция қилиш, ниқоб ва қўлқоп тақиш, санитайзер ва антисептиклар ўрнатилиши ҳамда санитар масофани сақлашга риоя қилиниши шарт ҳисобланиши таъкидлаб ўтилган.

Шу билан бирга, Бишкекда маданий, спорт, илмий, оилавий, хотира тадбирлари ўтказилиши, кўнгилочар муассасалар, интернет-клублар, болалар кўнгилочар масканлари ва ўйингоҳлари ҳамда болалар боғчалари фаолияти тақиқ остида қолади.

Коронавирусга қарши курашиш штаби маълумотларига кўра, 1 июндан иқтисодий фаолият юритишга нисбатан киритилган барча чекловлар бекор қилинади.   
Республика ҳукумати пандемия сабабли ишлаши режасини кўриб чиқишни режалаштирмоқда. 

“Ҳозирда кучларнинг катта қисми коронавирусга қарши курашга йўналтирилганини ҳисобга олиб, ҳукумат иши режасини долзарблаштириш лозим. Баъзи давлатлар учун визасиз режим тизимини, хорижий мутахассислар жалб қилинган тоғ-кон ва қурилиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш шартларини ўзгартиришни кўриб чиқиш лозим”, деб айтган Қирғизистон бош вазири Мухаммадкалий Абилгазиев.

Унинг таъкидлашича, коронавирусга қарши кураш давомида кичик ва ўрта бизнес катта жабр кўрган.

Бош вазирнинг таъкидлашича, республикада бугунги кунда турган муҳим масалалардан бири ишсизлик муаммосини ҳал қилиш ҳисобланади. Шу сабабли, вақтинча ишсиз фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш масаласини ўрганиб чиқиш таклифи билдирилган.

Охирги маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 1403 нафарни, ундан вафот этганлар 14 нафарни ташкил қилмоқда.