Kun.uz | Расмий канал
Ўзбекистондаги бино ва иншоотларда энергия тежовчи технологиялардан фойдаланилади
Ҳукумат қарори лойиҳасида республикадаги бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа ва турар жой объектларида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Республикадаги бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа ва турар жой объектларида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Энергетика вазирлиги ушбу лойиҳа ташаббуси билан чиққан.
Қайд этилишича, энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича Республика комиссияси томонидан 2020 йилда вазирлик ва идораларнинг 691 та бино ва иншоотларида фотоэлектр станциялар ва коллекторлар қурилиши, энергия самарадор дераза блокларини, светодиодли манбаларни ўз ичига олган сенсорли датчиклар ўрнатиш бўйича дастурий рўйхатлари тасдиқланиб амалга ошириламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда 2021 йил учун (кейинчалик мунтазам равишда келгуси йиллар учун) «Ижтимоий соҳа объектларида ҳамда шаҳар ва қишлоқларда қуриладиган намунавий арзон уй-жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш манзилли дастури»ни 2020 йилнинг 1 декабрига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси Давлат унитар корхонаси билан биргаликда:
· шаҳар ва қишлоқларда қуриладиган намунавий арзон уй-жойларда ҳамда ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалаштириш ва қурилишида замонавий қурилиш материаллари ва энергия тежовчи технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилишини таъминлайди;
· янгидан қурилган ва реконструкция қилинган барча турдаги бино ва иншоотлар, ижтимоий соҳа, турар жой объектларини энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилганлигини инобатга олиб эксплуатацияга қабул қилиш тизимини 2021 йил 1 январгача ишлаб чиқади.
Барча турдаги янгидан қурилган ва реконструкция қилинган бино ва иншоотларни эксплуатацияга қабул қилинишида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилганлиги юзасидан «Ўзэнергоинспекция» томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ва хулоса бериш тартиби белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда «Ижтимоий соҳа объектларида ҳамда шаҳар ва қишлоқларда қуриладиган намунавий арзон уй-жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш манзилли дастури»ни молиялаштиришда халқаро молия институтларининг беғараз маблағлари жалб этилишини таъминлайди.
«Ўзэлтехсаноат» ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмалари энергия тежовчи технологиялар, қурилиш материаллари ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чораларини кўради.