Kun.uz | Расмий канал
Москвада чекловлар режимини июнь ўртасигача узайтириш режалаштирилмоқда
Москвада коронавирус пандемияси сабабли жорий қилинган чекловлар режими 31 майдан кейин узайтирилиб, июнь ўрталарида бекор қилиниши режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Москва мэрияси, Россия ҳукумати, президент маъмуриятидаги манбаларга таяниб “Открытые медиа” нашри маълум қилди.
Президент маъмуриятидаги манбанинг таъкидлашича, эпидемиологик вазият барқарор кўринаётгани сабабли Россия пойтахтида пропуск режими 12 июнда нишонланадиган Россия кунига бекор қилинади. Бироқ Москва мэриясидаги манбанинг таъкидлашича, пропуск режими бироз кечроқ - 15 июнда бекор қилинади. Бироқ бу енгиллаштириш 65 ёшдан катта москваликларга тааллуқли бўлмайди.
Мэрия вакилининг маълум қилишича, изоляция режими узайтириладиган сана жорий ҳафта ўрталарида маълум бўлади. Унинг таъкидлашича, пойтахтдаги вазият май охирида ҳаракатланишга барча чекловларни бекор қилиш учун етарлича яхши эмас.
Агар касаллик динамикаси ижобий бўлса ва янги авж олишлар юз бермаса, аксарият чекловлар июнда бекор қилинади. Роспотребнадзор режасига кўра, чекловлар секин-аста олинади. Аввалроқ ушбу ташкилот чекловлар бекор қилинишининг 3 босқичли режасини маъқуллаганди. 1-босқичда россияликларга кўчада фарзандлари билан сайр қилишга ва спорт билан шуғулланишга рухсат берилади. Кичик дўконлар очилади. Кейинроқ таълим муассасалари ва савдо нуқталари ўз ишини тиклайди. Бироқ бунда харидорлар сонига чекловлар амал қилади.
25 май ҳолатига кўра, Москвада коронавирусга чалинганлар сони 166 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда, улардан 2034 нафари вафот этган, 53 мингдан кўпроқ киши соғайиб кетган.
Россия бўйича эса коронавирусдан касалланганлар сони 353 мингдан кўпроқни, вафот этганлар 3633 нафарни ташкил қилмоқда. 118 мингдан кўпроқ киши соғайиб кетган.