БИТИРУВЧИ ИЗҲОРИ: бизни буюк ишлар кутмоқда...
Қувончбек Ғайбуллаев, Навоий давлат кончилик институти академик лицейи битирувчиси:
– Навоий шаҳар 8-умумтаълим мактабида ўқиб юрганимизда кўп танловларда қатнашдик. Бирида ютиб, бирида ютқаздик. Устозларимиз бизга тўғри йўл кўрсатди. Улардан ҳаётнинг пасту баландидан қандай ўтиш кераклигини ўргандик. Бадиий асарлар ўқидик, ғазаллар ёдладик.
Вилоятимизда ўтказилган ғазалхонлик танловида иштирок этиб, ғолиблар қаторида бўлганимни адабиёт ўқитувчимиз кўриб қанчалар хурсанд бўлганини ҳозир ҳам кўз-ўнгимда турибди. Мактабдаги гўзал хотираларни унутмасам керак.
Лицей ҳаёти эса бошқача. Катта ҳаётга илк қадамимиз айнан шу маскандан бошланди. Навоий давлат кончилик институти академик лицейи бизни илмни чуқурроқ ўрганишга чорлади. Икки йил давомида бу ерда зарур кўникмаларни олдик. Карантин даврида ҳам дарсларни пухта ўзлаштирдик. Онлайн дарсларда фаол иштирок этдик. Энди орзулар сари дадил қадам ташлаймиз. Ҳар куни тонгда, мени буюк ишлар кутаётганига ишонч билан уйғонаман. Ҳозир олдимда турган асосий мақсадлардан бири талаба бўлиш, устозларим берган сабоқларни оқлашдир.