http://uza.uz/upload/iblock/84b/olis_ishlo_da_yangi_korkhona.jpg

Олис қишлоқда янги корхона

Жиззах вилояти Фориш туманидаги Қораабдал ота қишлоғида қурилиш материаллари ва шлакоблок ғиштлари ишлаб чиқарадиган кичик корхона иш бошлади.

“Холбуви она” деб номланган ушбу кичик корхонани шу қишлоқлик ёш тадбиркор Музаффар Шоқосимов “Ёшлар келажагимиз” жамғармасининг 70 миллион сўмлик имтиёзли кредити ёрдамида барпо этди.

Қораабдал ота қишлоғини туман маркази билан Нурота тоғ тизмалари ажратиб туради. Довондан ошиб юк ташиш, айниқса оғир қурилиш материалларини олиб келиш анча сермашаққат иш. Шу боис Қораабдалда шлакоблок ғишт ишлаб чиқарадиган корхона ишга тушиши ҳудуддаги Нарвон, Мустақиллик, Яссикечув, Гараша ва Илонли қишлоқларининг аҳолиси учун ҳам катта қулайлик бўлди.

– Одамларнинг мушкулини осон қилиш мақсадида шу корхонани ташкил этдик. – дейди ёш тадбиркор Музаффар Шоқосимов. – Ҳозирча корхонамизда 5 та иш ўрни яратилди. Ҳар куни мингдан зиёд шлакоблок ғишт тайёрлаяпмиз. Маҳсулотимизга буюртма кўп. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтиришни, бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, иш ўринларини ҳам кўпайтиришни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Туманда, бошқа ҳудудлардан фарқли, коронавирус карантини даврида ҳам тадбиркорлик суъъектлари ташкил этиш камаймади. Йил бошидан ҳозиргача турли соҳаларда 73 та кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 914 тага етди.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png