https://uza.uz/upload/iblock/5d3/andizhon_viloyati_okimi_uy_zhoy_kommunal_khizmat_k_rsatish_a.jpg

Андижон вилояти ҳокими “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” нишони билан тақдирланди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов коммунал соҳа ва аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қўшган муносиб ҳиссаси ва ана шу йўналишдаги самарали фаолияти учун “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак-нишони билан тақдирланди.
Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, вилоятда кейинги йилларда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда вилоятда 1 минг 623 та кўп қаватли уй бўлиб, улар 297 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига бирлашган. 2017-2018 йилларда тижорат банкларининг 127 миллиард сўм миқдоридаги кредити ҳисобига 1 минг 225 та кўп қаватли уйда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бундан ташқари, вилоят ҳокими ташаббуси билан 106 та кўп қаватли уйнинг том, фасад қисмлари, кириш йўлаклари таъмирланган, болалар майдончалари қурилиб, ташқи ёритиш тизими ўрнатилган.
2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида капитал ва жорий таъмирланган 274 та кўп қаватли уйлар ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 14,4 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 10 мингдан зиёд аҳолининг яшаш шароитлари янада яхшиланди. Шунингдек, 2018-2019 йилларда 134,9 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 905 километр сув тармоғи, 241 та сув қудуғи, 3 та сув тақсимлаш иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 62 мингдан ортиқ хонадонда яшовчи 400 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланган.
Аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, кўп қаватли уйларда яшовчилар учун қулайликлар яратиш борасидаги ишларга қаратаётган алоҳида эътибори учун вилоят ҳокими ана шу нишонга муносиб, деб топилди.

https://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
https://uza.uz/include/img/mistake-oz.png