http://uza.uz/upload/iblock/3fd/andizhonliklar_orzusidagi_arzon_ulay_k_p_avatli_uylar.jpg

Андижонликлар орзусидаги арзон, қулай кўп қаватли уйлар

Андижон вилояти мамлакатимиздаги ҳудуди жиҳатидан энг кичик, аҳолиси эса энг зич яшайдиган вилоят ҳисобланади. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Андижон вилояти республика ҳудудининг 1 фоизини, аҳолиси эса 10 фоизини ташкил этади. Шу боис ҳам, вилоятда ернинг ҳар бир қарич майдонидан унумли ва оқилона фойдаланиш талаб этилади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили Андижон вилоятига ташрифи чоғида ана шу жиҳатни ҳисобга олиб, қолаверса, экин майдонларини камайтирмаслик мақсадида вилоятнинг адир зоналарида арзон, кўп қаватли уйлар қуриш ва шу орқали тобора ўсиб бораётган аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида қатор вазифалар белгилаб берган эди.

Ҳар бир инсон, айниқса, ўзбек халқи учун бошпана, уй-жой қилиш энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам, Президентимизнинг арзон уй-жойлар қуриш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ташаббуси андижонликларни беҳад қувонтирди. Чунки уй-жой масаласи вилоятдаги энг долзарб масалалардан биридир. Вилоятнинг аксарият ҳудудларида бир ҳовлида иккита, учтадан оила яшайди. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/232/photo_2020_05_25_20_35_28.jpg

Ҳатто, кўп қаватли уйга иккита келин туширган оилалар бор. Бу албатта, оилавий муносабатлар, турмуш тарзи билан боғлиқ қатор муаммоларни юзага келтиради. Вилоятда кўп қаватли уйлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги эса ана шу муаммоларни, кишиларнинг биринчи галдаги эҳтиёжларидан бири уй-жой масаласини ижобий ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида кейинги икки йил ичида биргина Андижон шаҳрининг ўзида 1 минг 798 квартирали 41 та кўп қаватли уйлар барпо этилди.

Президентимиз топшириғи, қолаверса, 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан вилоят ҳокими ташаббуси билан Андижон шаҳри билан туташ адир ҳудудларида кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриш бўйича дастур ишлаб чиқилди.

http://uza.uz/upload/medialibrary/ec3/photo_2020_05_25_20_35_32.jpg

Дастурга кўра, 2020 йилда Хўжаобод тумани Иттифоқ массивидаги адир зонасида бир неча босқичда 35 та кўп қаватли уй қурилади. Биринчи босқичда 330 квартирали 2-3 хонадан иборат 11 та кўп қаватли уйлар қад ростлайди. Барпо этиладиган уйларнинг 9 таси уй-жойга муҳтож аҳолига, иккитаси эса хизмат уйи сифатида ҳарбийларга берилиши кўзда тутилган.

Айни кунда бу ерда ишлар қизғин паллага кирган. Йил бошида бошланган қурилиш жараёнида кўп қаватли уйларни қуриш, коммуникация, инфратузилмани барпо этиш бўйича белгиланган барча ишлар режа асосида амалга оширилмоқда.

- Адир ҳудудларда тупроқнинг юмшоқлиги, ўтириб қолиш эҳтимоли юқорилиги ҳисобга олиниб, қатор хорижий давлатларнинг мазкур йўналишдаги тажрибалари ўрганилди, — дейди вилоят бош архитектори Шокиржон Тўрабоев. — Қурилиш ишлари асосан, илғор Туркия технологияси қўлланган ҳолда олиб борилмоқда, ҳар бир жараён мутахассислар томонидан доимий назорат қилинмоқда.

http://uza.uz/upload/medialibrary/c45/photo_2020_05_25_20_35_39.jpg

- Қурилиш учун нимага айнан ушбу жой танланди, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий — дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Мутахассисларимиз томонидан анчадан буён адирлик ҳудудларида кўп қаватли уйлар қуриш, жой танлаш борасида ўрганишлар олиб борилмоқда. 
Ушбу ҳудуд энг аввало, Андижон шаҳрининг шундоқ юқори қисмида, Андижон – Ўш автомагистраль йўли бўйида жойлашган, қолаверса, баҳаво, ёзнинг иссиқ кунларида ҳам доимий шабада эсиб туради. 
Бундан ташқари, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви тармоқларига бирмунча яқин эканлиги ишларни нисбатан тез амалга ошириш, инфратузилма харажатларининг ўта баланд бўлмаслигини таъминлайди.

http://uza.uz/upload/medialibrary/64d/photo_2020_05_25_20_35_14.jpg

Хоналари, айвони (балкон) бирмунча кенг, ҳар бир подездида лифт бўладиган мазкур уйлар ўзига хос, ноодатий кўринишда, зинапоя тарзида барпо этилмоқда. Уйлар орасидаги масофа ҳам анча узоқ бўлади. Бу ҳар бир уйнинг атрофида болалар, спорт майдончалари, суҳбатгоҳлар, автомобиллар турар-жойларини барпо этиш имконини беради. Умуман, яшовчилар учун зарур барча шароитлар яратилади.

Қурилишнинг биринчи босқичида белгиланган ишларни амалга ошириш учун 30 га қурилиш ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари жалб этилган, юзлаб техника воситалари тинимсиз ишламоқда. Қурилиш жараёнида минглаб ишчилар, мутахассислар фаолият юритмоқда.
Ҳозирда йўллар чиқарилиб, уйлар учун белгиланган майдонлар ковланиб, пойдеворлари қуйилди, уйларнинг бир неча қавати қад ростлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, уй қуриладиган майдонлар бир неча метр ковланиб, шағал, шебен билан тўлдирилиб, юқори босим остида зичланган. Шундан кейингина фундамент қуйилган.

http://uza.uz/upload/medialibrary/111/photo_2020_05_25_20_35_18.jpg

Массивдаги ҳар бир уйнинг канализация тармоғи бир-бирига боғланади. Оқова сувлар тўпланадиган ва қайта ишланадиган алоҳида йирик сув-тозалаш иншооти қурилади.

Давлатимиз раҳбари 20-21 май кунлари вилоятга ташрифи доирасида массивда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Қурилиш ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берди.
Улкан ҳудудда барпо этилаётган массивда яшовчилар учун зарур барча қулайлик ва шароитлар яратилади. Шунингдек, бу ерда мактабгача таълим ташкилоти, мактаб, гузар, бозорча, бир нечта минимаркетлар ҳам барпо этилади. Умуман, мазкур ҳудуд ўзининг бетакрор ландшафти, гўзал қиёфаси билан андижонликларнинг орзусидаги гўзал масканлардан бирига айланади.

http://uza.uz/upload/medialibrary/23a/photo_2020_05_25_20_35_22.jpg

- Халқимиз қалбидаги эзгу мақсадларни амалга ошириш учун меҳнат қилади, фарзандларига тўй, уй-жой қилиш орзуси билан яшайди, бу ҳар биримизнинг ҳаётимиз мазмунига айланган ҳақиқат, — дейди Андижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўктамжон Охунов. — Юртбошимиз ташаббуси билан бугун арзон уй-жойлар қурилишига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, бутун халқимиз, айниқса, андижонликларнинг дилидаги орзулари ижобати, десам асло муболаға бўлмайди. 
Юртдошларимизнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бу каби хайрли ишлар шубҳасиз, уларнинг Президентимизга, давлатимизга ишончини, эртанги кунга умидини янада мустаҳкамлайди.
“Иттифоқ” массивида барпо этилаётган кўп қаватли, арзон уйлар биринчи навбатда Андижон шаҳри, Андижон, Хўжаобод, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларидаги уй-жойга муҳтож, шунингдек, уй-жой олиш учун навбатда турган оилаларга берилиши кўзда тутилган.

http://uza.uz/upload/medialibrary/664/photo_2020_05_25_20_35_44.jpg
http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png