Япония пандемия шароитида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун яна бир триллион доллар йўналтиради
Ушбу маблағнинг ярмидан зиёди бизнесни кредитлашнинг янги дастурига жалб қилинади.
Япония ҳукумати жорий молия йилида (апрелдан бошланган) тахминан 100 триллион иеналик (929 миллиард доллар) иккинчи қўшимча бюджетни қабул қилишни режалаштирмоқда. Куни кеча Nikkei газетаси ушбу янгиликни тарқатди.
Таъкидланишича, мазкур маблағнинг ярмидан зиёди бизнесни кредитлашнинг янги дастурини амалга ошириш учун сарфланади. Чунки Японияда бизнес коронавирус пандемияси туфайли катта муаммоларга дуч келмоқда. Шунингдек, ажратилаётган маблағлар агар хусусий тадбиркорлар карантин туфайли ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган бўлса, уларнинг ижара тўловларини субсидиялашга йўналтирилади.
Бундан ташқари, маблағнинг яна бир қисми тиббиёт муассасаларини қўллаб-қувватлашга ҳамда университетларга ёрдам беришга йўналтирилади.
Шунга қарамай, ҳукуматнинг таъкидлашича, пандемиянинг салбий таъсири ҳали узоқ давом этади ва шу боис иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш лозим. Бош вазир Синдзо Абэнинг баёнот беришича, мазкур қўшимча бюджет 17 июнгача қабул қилиниши керак.