Муҳтожларга махсус аравачалар олиб берилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, ХДП фракцияси аъзоси Сафар Остонов партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши мутасаддилари билан биргаликда Учтепа, Чилонзор ва Яккасарой туманидаги ногиронлиги бор юртдошларимиз ҳолидан хабар олди.
Бундан олдинроқ Учтепа тумани Найман маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Мамлакат ая Абзалова ногиронлик аравачаси йўқлиги сабабли ҳовлига чиқолмаслигини айтиб мурожаат қилган эди. Шу боисдан онахонга ногиронлик аравачаси совға қилинди.
Ватанпарвар маҳалласида яшовчи 26 ёшли Шаҳзод Камолов болаликдан 2-гуруҳ ногирони. Депутат ташаббуси билан саховатпеша инсонлар кўмагида Шаҳзодга махсус аравача совға қилинди. Чилонзор туманида яшовчи 87 ёшли Моҳира ая Юсупова ҳам мутасаддилар томонидан совға қилинган ногиронлик аравачасини кўриб беҳад қувонди.
– Сўнгги 2 йил ичида ўнга яқин ташкилот хонадонимизга келиб, муаммомизни ўрганиб кетган, – дейди Моҳира ая. – Бироқ натижа бўлмагани учун умидимни узиб қўйгандим. Мана депутат ёрдамида қисқа вақт ичида аравачали бўлдим. Яхшиликлар, яхши инсонлар кўпаяверсин.