Нотўғри ундирилган солиқлар қайтарилди
Бухоро вилояти Ромитан тумани адлия бўлими томонидан ёлғиз пенсионерларга қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни давлат идоралари томонидан қай даражада бажарилаётганлиги бўйича мониторинг ўтказилган.
Унда туман ДСИ томонидан айрим ёлғиз кекса ва ногирон пенсионерларнинг ер солиғидан озод қилинган бўлишидан қатъий назар, давлат ер солиғи ундирилиб келинганлиги аниқланган.
Тумандаги бир гуруҳ фуқаролар кекса ва ногиронлиги ҳамда ёлғиз яшайдиган ёки ёлғиз кекса, ногирон деб топилган бўлиб тегишли рўйхатга киритилганлиги тиббиёт ходимлари томонидан аниқланган. Шунингдек, фуқаро К.Р. туман тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномасига асосан 1-гуруҳ ногирони деб топилган.
Лекин шунга қарамасдан туман давлат солиқ инспекцияси томонидан қонун ҳужжатлари нормалари нотўғри қўлланилганлиги ҳамда 2017-2019 йиллар мобайнида фуқаро К.Р.дан жами 113 минг 762.1 сўм, фуқаро Х.Н.дан жами 448 минг 790 сўм, фуқаро Ж.Ҳ.дан жами 169 минг 327 сўм, фуқаро Б.Р.дан жами 631 минг 19.74 сўм, фуқаро С.А.дан жами 149 минг 513 сўм, фуқаро Ҳ.Н.дан 2018-2019 йиллар учун жами 121 минг 498 сўм миқдордаги ер солиғи ундирилганлиги мониторинг натижаларида аниқланган.
Шунингдек, фуқаро Ў.М.га 2017-2019 йиллар учун жами 387 минг 842 сўм, фуқаро Ч.Ф.га 2018-2019 йиллар учун жами 153 минг 227 сўм, фуқаро Қ.Ф.га 2018-2019 йиллар учун жами 247 минг 594 сўм, фуқаро А.Р.га 2017-2019 йиллар учун жами 203 минг 402 сўм ер солиғи бўйича қарздорлик ҳисобланганлиги маьлум бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 436-моддасининг 3-4-бандларига мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ҳамда ёлғиз пенсионерлар ер солиғидан озод қилинганлиги қайд этилган бўлсада, туман ДСИ томонидан ушбу модда талаби бажарилмасдан келинмоқда. Оқибатда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз пенсионерлар ҳақли эътироз билдирган.
Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан туман ДСИга аниқланган қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тегишли тартибда тақдимнома киритилиб, асоссиз ҳисобланган ер солиғини бекор қилишни ҳамда 2017-2019 йиллар учун юқоридаги фуқаролардан ундирилган ер солиғи суммаларини ушбу шахсларга қайтариш чоралари кўрилган.