http://uza.uz/upload/iblock/80a/maktab_va_ayet_marifat_y_lidagi_amaliy_amkh_rliklar_bardavom.jpg

МАКТАБ ВА ҲАЁТ: маърифат йўлидаги амалий ғамхўрликлар бардавом

Бу йил кутилмаган синов ва воқеликларга бой бўлди. Шу сабаб мактабларда битирувчи синф ўқувчиларини кузатиш тадбирлари ҳам ўзгача бўлиб ўтди. Улар устозлари, қадрдон дўстлари, мўътабар маскани билан масофадан туриб хайрлашди...
Ҳа, дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси барча жабҳаларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ўқув йилининг тўртинчи чораги тўлиқ масофавий тарзда йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда карантин даврида таълим-тарбия жараёни бир лаҳза ҳам тўхтаб қолмади. Ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам фарзандларимизнинг тўлақонли билим олиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилди. МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб теледарслар йўлга қўйилди. Бу эса болалар саломатлигини асраш, карантин даврида ҳам уларнинг ўқиши, дарсдан бўш вақтини мазмунли, фойдали ўтказишида муҳим омил бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги “Online – maktab” лойиҳасини тез ва сифатли ишга туширди. Барча синфлар учун ўқув машғулотлари моҳир педагоглар томонидан олиб борилди. Бу эса ўқувчиларнинг наинки дарсларни ўзлаштиришида, балки таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлиги таъминланишида муҳим аҳамият касб этди. Ўз навбатида ушбу машғулотлар болалар учун билим олиш манбаи, ёш педагоглар учун эса маҳорат сабоқлари, тажриба алмашиш имкониятини бергани билан аҳамиятли бўлди.
Теледарсларни тайёрлаш учун барча шароитлар яратилди. Энг замонавий жиҳозлар, компьютер техникаси, дарс ўтиш воситалари билан таъминланган ўқув кабинетлари тайёрланди. Бир йўла тўртта телеканалда онлайн дарслар жонли намойиш этилди. Шу билан бирга ўқитувчиларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш учун ҳам имкониятлар ишга солинди.
Ўзбекистонда мураккаб пандемия даврида ёш авлоднинг билим олишга бўлган интилишини давлат томонидан фаол қўллаб-қувватлаш ишлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилди.
Ҳа, буларнинг барчаси навқирон авлодга билим, маънавият, тарбия беришга доир эзгу ишлар, амалий эътибор ва ғамхўрликларнинг ёрқин ва ҳаётий ифодасидир.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png