http://uza.uz/upload/iblock/290/andizhon_viloyati_okimi_umumtalim_maktablari_bitiruvchilarig.PNG

Андижон вилояти ҳокими умумтаълим мактаблари битирувчиларига табрик йўллади

Коронавирус пандемияси туфайли вилоятдаги 741 та умумтаълим мактаби ўқувчилари жорий ўқув йилини “online-maktab” лойиҳаси доирасида масофавий тарзда якунлади.

Вилоят ҳокими ўқув йили тугаши муносабати билан умумтаълим мактабларини тамомлаётган 40 минг 298 нафар ўқувчилар, уларнинг устоз ва мураббийлари ҳамда ота-оналарига табрик йўллади.

Табрикда бугунги кун уларнинг ҳаётида янги саҳифа очиши, орзулар сари янги қадамлар ташланиши таъкидланди. Жорий йилнинг 21-22 май кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи давомида 11-синф битирувчиларини бандлигини таъминлаш бўйича “Андижон тажрибаси”ни жорий этиш ва унинг ижобий натижаларини бошқа ҳудудларга татбиқ этиш юзасидан халқ таълими тизими ходимлари олдига қатор вазифаларни белгилаб берилган. 
Шунингдек, ёзги таътил даврида ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўқувчилар учун “online-repititor”,“оnline-toʻgarak”, ўқитувчиларнинг малакасини ошириши учун “online-kasbiy rivojlantirish” лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда келгуси ўқув йилидан “online-maktab” лойиҳасини юқори савияда ташкил этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди.

Табрикда Президентимизнинг: “Ёшларимиз ҳақли равишда Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди” деган сўзлари бугунги кунда ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳиятини белгилаб бериши алоҳида қайд этилди.

– Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг қувончли кун, дейилади табрикда. – Сиз 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири эртадан бошлаб ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади. Кимдир ўқишни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир меҳнати билан оиласига қанот бўлади.

Вилоят ҳокими битирувчиларни бугун мамлакатимизда ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишга, билим чўққиларини забт этишга, келгусида ўзи танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб, юртимиз равнақи ва Ватанимизнинг порлоқ келажаги учун хизмат қиладиган инсонлар бўлиб камол топишларига ишонч билдириб, уларга оқ йўл тилади.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png