Битирувчини юксак парвозга, ўқитувчини янада фаолликка чорловчи қўнғироқ
Бугун биз педагоглар учун ўқув йилини сарҳисоб қиладиган палла, ўқувчилар ҳаёт пиллапояларида яна бир поғона юксалганини янада теран ҳис қиладиган дам.
25 май – “Сўнгги қўнғироқ“ тадбирини ҳар йили ўқувчилар даврасида, мактабда нишонлар эдик.
...Эрта тонг. Мактаб ҳовлиси байрамона безатилган. Кимни кузатманг барчада хуш кайфият. Гулдаста тутганлар, синф раҳбари билан шодон суҳбат қураётган ўқувчилар, кўзларидаги қувонч ёшларини яширишга уринаётган битирувчилар... Уларга қараб тўлқинланиб кетасан.
Шу куни ота-оналар, нуронийлар, мактабни кўп йиллар аввал битирганларни кўрасиз бу ерда. “Сўнгги қўнғироқ“ садоси янграб, битирувчилар билан хайрлашиш онлари бошланганда қалбларни ажиб ҳис чулғаб олади. Бўғзингизда нимадир туриб қолади. Унутилмас дамлар.
Бу йил мактабларимизда бундай бўлмади. Лекин бу кун, олдингилари каби, иш фаолиятимизда эришган натижалар, баъзан йўл қўйган камчиликларимизни кўз ўнгимиздан гавдалантирди.
Ўқитувчи учун ҳар бир ўқув йили ёдда қоларли бўлади, йиллар давомидаги фаолият эса тажрибанинг ортиб боришига замин яратади. Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси сабаб жорий қилинган карантин, одамлар саломатлигини ўйлаб кўрилаётган чора-тадбирлар эътиборга молик. Белгиланган талабларга қатъий риоя этишимиз эса бу балонинг юртимиздан тезроқ аришига хизмат қилишини тушуниб турибмиз.
Карантин талабларидан келиб чиқиб, барча таълим муассасаларда масофадан ўқитиш жорий қилинди. Мактаб ўқувчилари учун ҳам тўртинчи чоракда онлайн дарслар телевидение орқали намойиш этилди. Бу чорак ўқувчи, ота-она ва ўқитувчини бир бирига янада яқин ҳамкор қилди. Намойиш этилган онлайн машғулотларнинг ўқувчилар томонидан мунтазам кузатиб борилишида ота-оналар фаоллик кўрсатишди. Улар фарзандлари билан бирга дарс тайёрлашди.
Вазият ўқитувчилардан ҳам ҳар доимгиданда фаол бўлишни тақозо қилди. Дарслар юзасидан ўқувчида туғилган ҳар бир саволга жавоб ҳозирлашга, қўшимча кўргазмали фото ҳамда видео материаллар тайёрлашга, ҳар бир бола билан имкон қадар мулоқотда бўлишга ҳаракат қилдик. Бунда асосан, интернет, телеграм мессенжери ва уяли алоқа воситаларидан фойдаланилди.
Бугун телеграм мессенжерида ўқувчилар билан мулоқот қилиш учун ташкил этилган гуруҳимиз ҳар доимгидан ҳам жонланди. Ҳамма бир-бирини “Сўнгги қўнғироқ“ муносабати билан қутлаяпти. Онлайн байрамни нишонлашга ота-оналар ҳам қўшилди.
Ота-оналарнинг кўпчилиги биз билан ёзги таътилда ҳам доимий алоқада бўлиб, масофавий машғулотлар ташкил қилишимизни сўрашмоқда. Бундай ишонч билдиришаётгани, албатта, биз педагогларга шижоат бағишлайди.
Бугун ўзим меҳнат қиладиган Зангиота туманидаги 13-умумтаълим мактабида ҳам бир гуруҳ битирувчилар катта ҳаётга қадам қўймоқда. Афсус, ўқувчилар билан ёнма-ён эмасмиз. Мактабда катта тантана қилаолмадик, лекин ўқувчилар билан қалбан бирга бўлдик. Уларга ҳаёт йўлларида улкан зафарлар тиладик.
Шаҳзода Жалолова, инглиз тили фани ўқитувчи