http://uza.uz/upload/iblock/b4f/zu_ra_ayaga_nurafshon_sha_ridan_yangi_uy_beriladi.jpg

Зуҳра аяга Нурафшон шаҳридан янги уй берилади

Тошкент вилоятида эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг уйларига бориб, ҳол-аҳвол сўраш ва оилавий шароитини ўрганиш анъанага айланган.

Рамазон ҳайити айёми арафасида вилоятдаги барча шаҳар ва туманлардаги 88 сектор раҳбарлари, ҳомийлар ва тадбиркорлар ўз ҳудудидагига эҳтиёжманд оилаларнинг уйига бориб, совға-саломлар улашгани бунга ёрқин мисолдир.

Бу каби тадбирлар доирасида Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ҳам бир неча оилаларнинг хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олди.

Вилоят раҳбари Ўрта Чирчиқ туманидаги “Ўртаовул” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ҳамдўстлик кўчаси 56-уйда истиқомат қилувчи Илёсовлар хонадонида бўлди. Уй бекаси Арабгул ая узоқ йиллардан буён оғир дард билан курашиб келади. Рустам Холматов аяга ҳайитлик улашар экан, мулоқот чоғида бу хонадонга келгусида ҳам зарур ёрдам кўрсатиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ берди.

Зуҳра ая Дадаева Нурафшон шаҳрида фарзандлари билан ижарада яшаб келади. Улар яшаётган уйга вилоят ҳокимининг ташрифи бир олам қувонч олиб келди.

– Мана бугун вилоят ҳокимининг шахсан ўзи уйимизга келиб, биз билан суҳбатлашди, – деди Нурафшон шаҳрида яшовчи Зуҳра Дадаева. – Фарзандларим билан ижарада тураман. Вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида уй-жойга муҳтожлигимни билдирдим. Аҳволимнинг оғирлиги ҳисобга олиниб, яқин кунларда бизга Нурафшон шаҳридан янги уй-жой ажратиладиган бўлди. Энди қувончимни бир тасаввур қилиб кўринг. Бундай катта кўмак учун ҳукуматимиз ва вилоят ҳокимлигидан беҳад миннатдорман.

Рустам Холматов Оққўрғон туманидаги “Ҳамид Олимжон” ва “Зарбдор” фуқаролар йиғинларида ҳам бўлиб, яна бир неча юртдошларимизни муборак байрам билан қутлади ва ўз совғаларини топширди.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png