Пандемия даврида биз АЁЛлар янада чуқурроқ англамоқдамиз
Муносабат
Маълумки, бутун дунёда инсоният учун умумий бир синов даври кечмоқда. Коронавирус пандемияси тиббиёт тилида айтганда, ўз геометрик прогрессиясида тарқалиб, одамларни безовта қилмоқда. Афсуски, дунёнинг кўп давлатлари қаторида Ўзбекистон халқи ҳам бу синовдан четда қолмади. Яратганнинг бу каби синовларидан миллати, тили ва динидан қатъи назар ҳеч ким ва ҳеч бир ва ҳатто қудратлиман деган давлатлар ҳам ҳимояланмаган.
Бугун эпидемиологик вазият юмшагандек бўлсада, бутун дунёда унинг қайтиш тўлқини хавфи ҳам йўқ эмас. Вазият сабаб ҳатто мусулмон оламининг кўнгиллар интилувчи, дийдори ошиқтирувчи Маккаи мукаррамага зиёратлар ҳам чегараланди. Шунинг ўзи ҳам хавф кўламини белгилаб беради.
Аёл жасорати, унинг оқилона чоралари, тартиб ва интизом, қоидаларга амал қилиш фазилати, ён-атрофидагиларга меҳрибонлик билан ёндашуви, унинг қанчалар шафқатли бўлмасин халқи, оиласи, фарзандлари бошига иш тушганда қатъий ва мустаҳкам қарорлар қабул қилиб, жипслаша олиши бугунги шароитда қўл келмоқда.
Пандемия даврида биз аёллар қуйидагиларни янада чуқурроқ англамоқдамиз:
- Мураккаб вазиятда оддий соғлом турмуш тарзига ва карантин тартибига риоя этиш билан инсон ўзини ҳалокатдан асраб қолиши мумкинлигини тушундик;
- Биз оддий, кичик, маиший,глобал бўлмаган деб баҳолаган омилларимиз аслида, умуммиллат ва умуминсоният саломатлигини сақлашда катта роль ўйнашини англадик! Биз қаерда яшамайлик бир-биримизга боғлиқлигимизни, бутун инсоният ўзаро кўринмас ришталар билан боғлиқ эканини ҳис этдик!
- Кутилмаган ўзгаришларни, янгиланиш ва зарбларни қабул қилишдан қўрқмасликни ўргандик!
- Оила даромадини оширишнинг янги шароитдаги йўлларини топишни ўргандик!
- Биз ОНАлар, АЁЛлар вирусдан хабарсиз, ўз ҳаёлида ўйинчоқ ўйнашни, мултифильм кўришни орзу қилиб турган болажонларимиз, эндигина барқ уриб ҳаётга кириб келаётган фарзандларимизнинг келажаги учун ўз куч ва салоҳиятимизни сафарбар қилишимиз шартлигини яна бир бор ёдга олдик!
- Болаларимизга Яратганнинг ўзи берган жисму жонни, соғликни, она-табиатни, она сайёрамизни асраш ИНСОНнинг вазифаси эканини уқтирдик!
Мен ишонаман, Яратганнинг ўзи аёл зотига берган энг кучли фазилатларимизни, дуоларимизни, куч ва ғайратимизни шу кунларда эсон-омон ўтиб олишга сарфлаб, синовни енгиб байрамли кунларга етажакмиз!
Элмира БОСИТХОНОВА, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари, сенатор.