Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш муҳим вазифа
Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойиши асосида вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда ички ишлар бошқармаси соҳавий хизмат ходимлари томонидан бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўтказилаётган профилактик тадбирга жами 4 минг 659 нафар ходим жалб этилган. Шундан 1 минг 23 нафари ички ишлар органлари ходимлари, 56 нафар бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва 3 минг 580 нафари жамоатчилик вакиллари ҳисобланади.
Жорий йилнинг 29 апрель кунидан (тадбир бошидан) ҳозирги кунга қадар вилоятда жами 35 та жиноят қайд этилган бўлиб, шундан 17 таси бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланган. Шулардан 1 та қотиллик, 1 та безорилик, 8 та ўғрилик, 2 та фирибгарлик ва 5 та йўл транспорти ҳодисалари билан боғлиқ бўлган жиноятлар содир этилган. Тадбирлар натижасида олдин содир этилиб очилмасдан қолган 3 та жиноят ҳам фош этилган. 4 нафар қидирувда юрган шахслар ушланган.
Тадбир бошидан жами 3 минг 78 та, шундан 78 та майда безорилик, 49 та ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик, 871 та карантин қоидаларини бузиш ҳамда 1 минг 776 та бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган ҳамда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланган.