Ҳайратомуз чизгилар
Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи музейида бўлганмисиз? “Ҳа” деган жавобга оғиз жуфтлаяпсизми, демак, бахтли инсонсиз! Чинакам ҳайратдан баҳраманд бўлгансиз!
Қадимий ашёлару экспонатларнинг ноёблиги ҳақида сўз очмоқчидир, десангиз янглишасиз.
Гап бу маскандаги ажойиб суратларда! Ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталаридан бошлаб қадимий ва навқирон кентдаги Мирзо Улуғбек номли мемориал музейга зеб берган бу асарлар ҳозир ана шу манзилда сақланяпти.
Паннони кўришингиз билан худди XV аср муҳитига тушиб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Қаршингизда осмон жисмларининг ҳаракатини, само тилсимотларини кашф қилган буюк олим — Мирзо Улуғбек сиймоси... Катта паннода Самарқанднинг Кўҳак тепалигидан юлдуз ва сайёраларни кузатиб турган улуғ мунажжим тасвири. У бор диққат-эътиборини самовий мавжудотларга қаратган. Уларнинг ҳар бири ўз номига кўра гоҳ оққуш, гоҳ гўзал, гоҳ зебо, гоҳ камондан ўқ узмоқчи бўлган йигит тасвирини ифодалаган.
Бошқа бир паннода Улуғбек ўзга мамлакат элчиларини қабул қилмоқда. Толиби илмларга сабоқ бераётган, меъмор ва олимлар билан расадхона лойиҳасини кўздан кечираётган Улуғбек сиймосини ҳам шу ерда кўришингиз мумкин.
Тасвирлардаги кишилар, ашёлар ёки интерьер деталлари шаклан бўрттириб берилмай, балки ясси тарзда ифодаланган. Шакл нур ва соя ёрдамида эмас, тасвир чегарасини аниқ билдирувчи чизиқ орқали амалга оширилган.
Ўзбекистон ва Татаристон халқ рассоми, истеъдодли мўйқалам соҳиби, профессор Чингиз Ахмаров ижодига мансуб бундай асарлар нафақат Самарқанд, балки мамлакатимизнинг бошқа кўплаб ноёб меъморий иншоотларига ҳам сайқал бериб турибди. Масалан, Алишер Навоий номидаги ўзбек давлат академик опера ва балет театри, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи, Тошкент метрополитенининг Алишер Намоий номли бекати, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик илмий-текшириш институти, Бухоро шаҳридаги газчилар маданият саройи, Москва метроси, Россия пойтахтидаги “Украина” меҳмонхонаси, Красноярск шаҳри марказидаги “Весна” ресторани, Сочидаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ва бошқа қатор биноларда Чингиз Ахмаровнинг деворий суратларини учратасиз.
Яқинда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти Содиқжон Раҳмонов ана шу асарларни бир китобга жамлабди. “Чингиз Ахмаров маҳобатли рангтасвир асосчиси” номли ушбу китобдан таниқли мусаввирнинг 100 дан ортиқ асарлари ўрин олган.
Шунингдек, унда Чингиз Ахмаровнинг ижодий фаолияти ҳақида ҳам ҳикоя қилинади.