Томорқадан яхши ҳосил олиш учун ерга меҳр бериш керак
Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров Уйчи туманида томорқа ерлардан фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ҳоким Шафтоли маҳалласида истиқомат қилувчи Ғ.Қирғизовлар хонадонида бўлиб, бу ерда иссиқхонадан даромад олиш борасида эришилаётган ютуқларни эътироф этди ва мутасаддиларга мазкур оила тажрибасини янада кенгроқ оммалаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.
Қирғизовлар оиласи ўтган йили “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида ажратилган 15 миллион сўм имтиёзли кредит маблағидан оқилона фойдаланиб, тўрт сотих ерда иккита иссиқхона қурган эди.
– Бир йилга қолмай кредитни тўла қайтардик ва ўтган давр ичида 20 миллион сўмдан ортиқ даромад олдик, – дейди тадбиркор хонадон соҳиби. – Томорқадан даромад олиш ўз ўзидан бўлмайди. Бунинг учун меҳнатдан ташқари, сабр-тоқат, зарур билимларга эга бўлиш, ерга меҳр бериш керак.
Худди шунингдек, мазкур маҳалладаги кам таъминланган оилаларга қуриб берилган иссиқхоналар ҳам оила аъзоларини барча иллатларнинг дояси бўлган бекорчилик балосидан халос этиш баробарида рўзғорига барака киритаётгани билан қувонарли.
Янгиер маҳалласида яшовчи А.Ғофуров оиласида эса ўн сотих ерда учта иссиқхона, мўъжаз боғдаги меҳнат туфайли дастурхон ҳамиша тўкин. Бундан ташқари, ушбу оила аъзолари қуёнчилик, чорвачиликнинг ҳам ҳадисини олган бўлиб, хонадонда томорқа ва чорвачиликдан йилига 160 миллион сўмгача даромад олинмоқда.
– 5-синфда ўқийдиган қизим қуёнларни яхши кўради ва унинг бу қизиқиши билан қуён боқишни ҳам тузуккина даромад манбаига айлантириб олдик. Қуёнлар парвариши билан қизимнинг ўзи шуғулланади, – дейди А.Ғофуров.
Маҳаллада Ғофуровларга ҳавас қилиб, ундан маслаҳат ва кўмак олиб иссиқхона ташкил қилган оилалар сони 50 тага яқинлашди. Яна юзга яқин хонадонда иссиқхона барпо этилмоқда.