http://uza.uz/upload/iblock/94f/me_ri_darye_ustozlarga_tashakkur.jpg

Меҳри дарё устозларга ташаккур!

Бугун ўқув йили якуни муносабати билан “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари онлайн тарзда ташкил этилмоқда. Одатда бу кунда ўқувчилар навбатдаги ўқув йилини муваффақиятли тамомлаб, янги орзу-мақсадлар билан қалби ҳаяжонга тўлса, уларга таълим берган устозлар шогирдларининг йил давомида эришган ютуқларини фахр билан тилга олади. Айни санадан фойдаланиб, кўп сонли ота-оналар номидан қалби дарё муаллимларнинг машаққатли меҳнатини эътироф этишни жоиз билдим.
Уч нафар фарзандим мактабда ўқийди. Карантин сабаб жорий ўқув йилининг IV чорагини онлайн якунладик. Фарзандларим телевидение орқали намойиш этилган телевизион дарсларни кузатиб, ўқитувчилари кўмаги билан ўқув машғулотларини, фанларни яхши ўзлаштиришга ҳаракат қилди. Масофавий таълим, албатта биз, ота-оналарни фарзандларимиз таълим-тарбиясига янада эътиборли бўлишга, улар билан кўпроқ ишлашга ундади. Бу жараёнда шарафли касб эгалари – ўқитувчиларнинг меҳнати нақадар машаққатли эканлигини янада чуқур ҳис этдик. Иш, рўзғор ташвиши билан бўлиб, ўз ўғил-қизимизга бирор бир дарсини тушунтириб бергунимизча асабимиз дош бермай қолади, баъзида. Англаганимиз, 20-30 боланинг кўнглига бир хилда йўл топиш, уларнинг кайфиятига қараб мослашиш, билим бериш юксак маҳорат ва улкан сабрни талаб этар экан. Ҳаммага ҳам насиб этмайдиган бу маҳорат ёш авлод таълим-тарбияси учун умрини бахшида этган фидойи ўқитувчи ва мураббийлардагина бор. 
Бугун вазият тақозоси билан ҳувуллаган синф хоналари болалар ва уларнинг кулгуси билан нурафшон бўлишини орзиқиб кутаётган, бир-биридан билимдон ўқувчилари дийдорини соғинган устозларга фидокорона меҳнатингиз учун ташаккур, деймиз. Келажак ворисларини тарбиялашдек, шарафли йўлда толманг. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/5a2/photo_2020_05_25_10_59_52.jpg
http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png