Гонконгда намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланилди
Гонконг полицияси якшанба куни ҳудудда Хитой парламенти томонидан миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилишига нисбатан норозилик билдирган минглаб намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида тарқатган. Ушбу хабар “South China Morning Post” газетасига тегишли.
Гонконг миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси Хитой халқ вакиллари кенгашининг жума куни очилган навбатдаги сессияси кун тартибига киритилди. Гонконг маъмурияти раҳбари Кэрри Лэм қонун лойиҳаси кўриб чиқилишини қўллаб-қувватлади ва бу ҳолат минтақа аҳолиси ҳуқуқ ва эркинликларига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди, деди.
Шундан сўнг Гонконгнинг Козуэй-Бэй туманида бир неча минг киши кўчаларга чиққан ва юқоридаги масала муҳокама этилиши фуқаролик эркинлиги ва "бир мамлакат - икки тизим" тамойилини хавф остида қолдиришини ёқлаган.
Намойишни бостириш учун полиция огоҳлантиришдан кейин, маҳаллий вақт билан 13:25 да газдан фойдаланишга мажбур бўлган.
Аввал хабар қилинганидек, Гонконг учун махсус ишлаб чиқилган миллий хавфсизлик тўғрисидаги ушбу қонун лойиҳаси қўпорувчилик ва сепаратистлик фаолиятини, шунингдек марказий ҳукуматни ағдаришга йўналтирилган ҳар қандай ҳаракатларни ҳамда терроризм ва ташқаридан аралашишни тақиқлашга қаратилган.
Қайд этилишича, марказий ҳукумат Гонконг қонунчилик кенгаши ҳудуддаги сиёсий муҳит нуқтаи назаридан миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини мустақил қабул қилиш имконига эга эмас, деган хулосага келган. Шу боис мазкур ташаббус кўриб чиқиш учун Хитой халқ вакиллари кенгаши ихтиёрига ҳавола этилди.