Тошкент шаҳридаги республика “Ипотека банк” ходимида коронавирус инфекцияси аниқланди
Жорий йил 24 май куни республика “Ипотека — банк” бош бошқармаси ходимида коронавирус инфекцияси аниқланган.
Маълумотларга қараганда, касалликка чалинган фуқаро яқин 20 кун ичида ўзи ва оила аъзолари меҳмонга бормаган, қўни-қўшниларникига ҳам чиқмаган. Унинг яшаш манзили бўйича мулоқотда бўлган барча оила аъзолари белгиланган тартибда карантинга олинди. Қўшимча эпидемиологик суриштирув ишлари давом этмоқда.
Бемор билан мулоқотда бўлган ҳамкасблари ҳам белгиланган тартибда 14 кунлик карантин назоратига олинган. Қолган ходимлар эса яшаш манзиллари бўйича тиббий назоратга олинди. Барча мулоқотда бўлганлардан лаборатор таҳлил учун намуналар олинган.
Банк биносида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария эпидемиологик осойишталиги агентлиги мутахассислари томонидан зарарсизлантириш ишлари ўтказилди.
Аҳоли орасидан коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари учраб турганини ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолидан, яна бир бор, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, яъни қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби эҳтиёт чораларини кўришни ва санитария қоидаларга қатъий амал қилишларини сўрайди.
Ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими