Тожикистон чегарачилари қирғизистонлик ҳамкасбларини отишма содир этганликда айбламоқда
РИА Новостининг маълум қилишича, ўтган якшанба куни Қирғизистон чегарачилари тожикистонлик ҳамкасблари билан отишма юз бергани ҳақда хабар тарқатган. Уларнинг таъкидлашича, можаро Тожикистоннинг Ворух қишлоғи аҳолиси сигирларини Қирғизистон ҳудудида боққани сабабли келиб чиққан.
Қирғизистон томони Ворух аҳолисининг ушбу ҳаракатини тўхтатган, бунга жавобан Тожикистон томони ўт очишни бошлаган. Хабарда айтилишича, отишма оқибатида қирғизистонлик чегарачилар орасида ҳеч ким жабрланмаган. Айни пайтда икки мамлакат чегара қўшинлари вакиллари музокара олиб бормоқда.
“Қирғизистон чегарачиларининг ушбу ҳаракатларини давлат чегараларида вазиятни сунъий равишда издан чиқаришга уриниш, деб баҳолаймиз“, — деди тожикистонлик ҳарбийлар. Шунингдек, улар ушбу ҳодиса “Тожикистон аҳолиси томонидан жавоб ҳаракатлари амалга оширилишига сабаб бўлиши мумкинлигини“ таъкидлаган.
Тожикистон ҳарбийларининг таъкидлашича, 24 май куни эрталаб қирғиз чўпонлари Тожикистон ҳудудига кириб келган ва Пули Офтобрўя қишлоғи одамлари билан можаро бошлаган.
“Пули Офтобрўя қишлоғи аҳли Қирғизистон фуқароларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатига қаршилик қилган ва қишлоқни тарк этишни талаб қилган. Аммо Қирғизистон томони икки давлат ўртасидаги баҳсли ҳудуддан ўтувчи чизиқни белгиловчи икки томонлама эришилган келишувга амал қилмай, воқеа жойига чегарачиларнинг қўшимча кучларини жўнатган. Улар эса Пули Офтобрўя қишлоғининг қуролсиз тинч аҳолисига қарата ўқ узган“, — дея маълум қилади Тожикистон томони.
Хабарда таъкидланишича, отишмада бир нафар тожикистонлик чегарачи оёғидан яраланган.
“Айни пайтда икки давлатнинг тегишли органлари вакиллари ҳодиса бўлган жойда бўлиб, вазиятни барқарорлаштириш учун аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда“, — деб маълум қилди Тожикистон томони.
Икки давлат чегарасида бундан олдинги отишма 8 майда содир бўлган эди. Натижада қирғизистонлик уч нафар ҳарбий жароҳат олди. Тожикистон томони икки чегарачиси яраланганини маълум қилди.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ҳамда чегарачилари ўртасида вақти-вақти билан можаро юзага келиб туради. Можарога асосий сабаб чегара участкаларининг делимитация қилинмаганидир. Шу боис икки давлат ўртасида чегара чизиғи айнан, қаердан ўтишини аниқлашнинг имкони бўлмаяпти. Икки мамлакат ўртасида чегара узунлиги жами 980 километр, унинг 450 километридан кўпроғи делимитация қилинмаган.